Ўзбекистондаги 1,5 млн аёлда скрининг ўтказилади

Жамият

image

Жорий йилда Ўзбекистонда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 7 март куни президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 8 март –Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда маълум қилди. 

“Хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдеворидир. Шу мақсадда юртимиздаги 230 та туғруқ муассасаси 21 мингта энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади”, деди Президент

Таъкидланишича, аёллар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт оммалашиб бораётгани жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга катта туртки бермоқда. Шу боис, бу йил барча маҳаллалардаги 4 миллион хотин-қиз оммавий спорт мусобақаларига жалб қилинади.

“Биз бир муҳим ҳақиқатни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз зарур. Аёллар соғлом бўлса – оила мустаҳкам бўлади, уларда маънавий муҳит, ишчанлик кайфияти юксалади, келажакка ишонч ортади.

Бугунги кунда юртимизда 40 мингта ана шундай оила барчага намуна бўлаётгани, ўтган йили уларнинг 208 таси “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлангани барчамизни хурсанд қилади.

Биргина мисол. Тошлоқ туманидаги Қўзибоевлар оиласи 45 йил давомида барчага ўрнак бўлиб келмоқда. Оила бекаси Муқаддамхон опа умрининг 35 йилини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлаган. У киши турмуш ўртоғи билан биргаликда фермер хўжалиги ҳам ташкил этиб, тумандаги элликка яқин оилани даромадли қилган.

Яна бир жиҳатига эътибор беринглар. Бу оила 30 дан ортиқ эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиб, таълим олиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашмоқда.

Маҳаллаларда баркамол авлодни вояга етказиш ва камбағалликка қарши курашишда бизга мана шундай ибратли оилалар елкадош бўлиб келаётгани ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган ана шундай ибратли оилаларга чин дилдан самимий ташаккурларимни билдираман.

Бундай оилалар қанча кўпайса, Ватанимиз шунча кучли, халқимиз шунча қудратли бўлади! Ибратли оила – ибратли ва адолатли жамият учун асос бўлади”, деди давлат раҳбари.

Билдирилишича, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатдаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади. Уларга психологик ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этилади. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов бу ишларга бош-қош бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 22 ноябрь куни қабул қилинган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилиши, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилиши, шунингдек, скрининг натижасида онкологик касалликка чалингани аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланганди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева эса Шавкат Мирзиёев маъқуллаган аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастурини шахсан ўз назоратига олишини билдирганди


Мақола муаллифи

Теглар

аёллар скрининг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг