Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Жамият
−
25 Ноябрь
2566Тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади. Бу ҳақда 22 ноябрь куни қабул қилинган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, ҳар йили 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади.
30-65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади.
Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб:
- онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;
- Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;
- одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;
- бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 майга қадар:
- бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизими;
- скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизими жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бачадон бўйни саратонини бартараф қилишни тезлаштириш бўйича глобал стратегияда 9-14 ёшдаги қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлашни тавсия қилганди.
LiveБарчаси