Ўзбекистонда яна суиқасд. Бунда чеченлар айбланмоқда

Таҳлил

Ўзбекистонда яна бир амалдорга суиқасд уюштирилгани айтилмоқда. Хориж нашрларининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига суиқасд қилинган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасддан кўп ўтмай содир бўлган бу воқеа ҳам Алламжоновга дахлдорлиги айтилмоқда. 

Суиқасдни амалга оширганликда айбланиб, икки россиялик чечен фуқароси Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилди. 

  • Бислан Расаев 1988 йил 26 май куни Россияда туғилган. Аввалроқ у Украина ҳудудида қуролли тўқнашув қилганликда айбланган.
  • Шамил Темурхонов 1993 йил 10 август куни Россияда туғилган. Бўйи 1 м 90 см. Вазни 90 кг.

Қидирувга берилган ҳар икки эркак тоифаси қизил бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 

Қайд этилишича, Расаев ва Темирхонов Ўзбекистонга турли йўналишларда келган: бири ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, иккинчиси “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган. Улар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лининг ўлдирилиши учун 1,5 миллион доллар таклиф қилган мижозларнинг кўрсатмаларига кўра ҳаракат қилган.

Маълумки, Расаев ва Темирхоновга қўйилган айбловлар қаторига қуйидагилар киради: 

  • чегарани ноқонуний кесиб ўтиш – бу айб Расаевнинг ҳаракатларига тегишли бўлиб, у маҳаллий шериклар ёрдамида Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган;
  • контрабанда – Расаев жиноятга тайёргарлик кўриш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарлар ёки нарсаларни ноқонуний олиб ўтишда иштирок этганлиги тахмин қилинмоқда;
  • қуролларни ноқонуний сақлаш ва уларнинг савдоси – гумонланувчилар суиқасд учун фойдаланишни режалаштирган қуролларга эга бўлгани даъво қилинмоқда;
  • жиноят ҳақида хабар бермаслик ва уни яшириш – гумонланувчиларнинг иккаласи ҳам яқинлашиб келаётган жиноят ҳақида хабар бермаганликда, балки уни ташкил этишда иштирок этганликда ҳам айбланади.

Маълумот учун, Дмитрий Романович Ли 2022 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори лавозимида ишлаб келмоқда. Тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори лавозимида фаолият юритган.

Дмитрий Ли меҳнат фаолиятини халқ таълими тизими таъминоти соҳасида бошлаган, сўнгра машинасозлик ва металлургия соҳасида ишлаб, турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган. 2017 йил августдан ЛБМА директори ўринбосари, 2018 йил июнда Дмитрий Ли Ўзбекистон Шахмат федерациясига раҳбар бўлган.

Дмитрий Ли шахсига нисбатан бир қанча хорижий нашрлар томонидан Ўзбекистондаги корейс мафияси дея нисбат берилган. QALAMPIR.UZ’да бу таърифни асослаш имконияти мавжуд эмас. Аммо Дмитрий Ли Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси, марҳум Виталий Феннинг оиласига яқин шахслардан бири бўлиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари марҳум элчининг қизи Наталья Фенни (Фарғонадаги “Сеул” кафеси эгаси) ҳам Алламжоновнинг иши доирасида ҳибсга олинганини ёзишмоқда. Аммо бундай хабарлар юзасидан расмий ахборотлар ҳеч бир масъул давлат ташкилотлари томонидан эълон қилинганича йўқ. QALAMPIR.UZ’нинг шу мазмундаги саволини Бош прокуратура жавобсиз қолдирди. Алламжонов иши доирасида яна кимлар қўлга олинади, кимлар қидирувга берилади, умуман олганда, кимларнинг бу ишга қўли борлиги аниқланади? Бу ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Алламжоновга қилинган суиқасдга чеченларнинг алоқаси йўқлиги, бундай гап-сўзлар хорижий нашрларнинг найранглари эканини айтган эди. 

"Мен шуни қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа билан қилган бўлардим", деган эди Қодиров.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов суиқасд Қидирув Дмитрий Ли Бислан Расаев Шамил Темурхонов Наталья Фен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг