Алламжоновнинг ходимларига оид суд қолдирилди 

3-саҳифа

image

Аввалроқ, бугун, 13 январь куни соат 9:30 да Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг жамоат тартибини бузганлик айбловига кўра 15 суткага қамоққа олинган етти нафар фуқаронинг иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида очиқ суд мажлиси ўтказиши хабар қилинганди. Бироқ суд мажлиси 23 январь кунига қолдирилди. Бу ҳақда суд биносидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.

"Бугун, 13 январда ушбу ишни кўриб чиқиш бошланди. Асоссиз маъмурий жавобгарликка тортилган 7 нафар фуқародан 1 нафари судга келмаган. Менинг илтимосим билан иш 2025 йил 23 январь соат 11:00 га қолдирилди. Қолаверса, иш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган туман ИИБ ходимини жалб қилиш тўғрисида илтимоснома киритдим. Мазкур фуқароларни маъмурий қамоққа олиш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимимизда мавжуд бўлган кўплаб камчиликлар, хусусан, кириш таъминланмаганлиги аниқлангани учун бу иш прецедент бўлиб қолади, деб умид қиламан", деди адвокат Давронбек Саидов.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида айбланган 7 нафар ходим суди бўйича Олий суд сайтида ахборот берилмади. 

Олий суд очиқ порталида Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 13 январь кунга режалаштирилган ҳеч қандай суд мажлиси режалаштирилмаганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши  юзасидан Ҳарбий судда маҳкама бошлангани хабар қилинганди.

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.

Шунингдек, ОАВда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига ҳам суиқасд қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасддан кўп ўтмай содир бўлган бу воқеа ҳам Алламжоновга дахлдорлиги айтилмоқда. 

Суиқасдни амалга оширганликда айбланиб, икки россиялик чечен фуқароси Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилди. Булар:

  • Бислан Расаев 1988 йил 26 май куни Россияда туғилган. Аввалроқ у Украина ҳудудида қуролли тўқнашув қилганликда айбланган.
  • Шамил Темурхонов 1993 йил 10 август куни Россияда туғилган. Бўйи 1 м 90 см. Вазни 90 кг.

Қидирувга берилган ҳар икки эркак тоифаси қизил бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар фонида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров баёнот билан чиқиб, суиқасдга учрагани айтилган шахслар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига очиқчасига таҳдид қилди.

"Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интригалар, туҳматлар ва тахминлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Ва энди мен анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман”, дея таҳдид қилган Рамзан Қодиров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Рамзан Қодировнинг Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиши, шунингдек, ўзбек давлат амалдорларига нисбатан таҳдид қилишини мутлақо қоралашини билдирди ва у Ўзбекистон халқидан очиқдан-очиқ узр сўраши, шу билан бирга, агар у дўст бўлса, Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Бислан Расаев ва Шамил Темурхоновни топишда амалий ёрдам бериши ва уларни Ўзбекистонга топшириши кераклигини айтди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса ҳар бир Чеченистон фуқаросини Ўзбекистонга киришини қатъий текширишга чақирди


Мақола муаллифи

Теглар

суд Комил Алламжонов Олий суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг