Ҳар бир чечен фуқаросини Ўзбекистонга киришини қатъий текшириш вақти келди – Кушербоев

3-саҳифа

image

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев ҳар бир Чеченистон фуқаросини Ўзбекистонга киришини қатъий текширишга чақирди. Бу таклифни у Бош прокуратура томонидан Россия фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темурхоновнинг Комил Алламжоновга суиқасд иши доирасида қидирувга берилгани фонида илгари сурди.

“Ким ўзи бу икки шахс? Қаердан пайдо бўлди бу террорчилар? Хавфли жиноятчилар қайси йўл билан Ўзбекистон ҳудудига киришди? Бу масала аниқ ойдин айтилиши лозим”, дейди Расул Кушербоев.

Унинг сўзларига кўра, олдинроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров суиқасдда “чечен қўли” борлигини инкор қилиб, ўз чиқишида Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилган, улар “қилмишлари” учун жавоб бериши ҳақида очиқчасига баёнот берган.

“Ўзбекистондаги мансабдор шахсларга очиқча таҳдид қилиш бу — терроризм. Буни амалга оширмоқчи бўлган ёки гапириб чиққан шахслар ҳам жавоб бериши лозим. Шундай таҳдидлар бўлаётган вақтда Ўзбекистон ҳукумати нега жим туриши керак? Қачонгача ўзини шовинистик қарашлари билан бизга очиқча таҳдид қиладиганларни индамай кузатиб ўтирамиз? Расмий шахс томонидан бўлаётган очиқ таҳдидга муносиб жавоб бериш вақти келмадими?” дейди у.

Кушербоев жавоб шунчаки баёнот билан эмас, аниқ чоралар орқали бўлиши зарурлиги, керак бўлса, етакчиси очиқча таҳдид қилаётган Грознийга авиақатновларни ҳам бекор қилиш, ҳар бир чечен фуқаросини Ўзбекистонга киришида қатъий текшириш лозимлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Рамзан Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ва Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига очиқчасига таҳдид қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Рамзан Қодировнинг Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиши, шунингдек, ўзбек давлат амалдорларига нисбатан таҳдид қилишини мутлақо қоралашини билдириб, Рамзан Қодиров Ўзбекистон халқидан очиқчасига узр сўраши кераклиги, агар ростан ҳам дўст бўлса, қидирувдаги Бислан Расаев ва Шамил Темурхоновни Ўзбекистонга топшириши лозимлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Комил Алламжонов Рамзан Қодиров чечен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг