Суиқасдда айбланган Алламжоновнинг ходимлари жазодан норози
3-саҳифа
−
18:00
13791Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўзига бўлган суиқасд доирасида 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган 7 нафар ходимини ҳимоя қилмоқчи. Бу ҳақда 2024 йил 26 октябрда маъмурий жавобгарликка тортилган етти нафар фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Давронбек Саидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Улар 26 октябрга ўтар кечаси Комил Исмоилович Алламжоновга бўлган суиқасддан кейин жазоланган. Тергов гуруҳи аъзолари томонидан қўриқчи, ошпаз ва қоровул ҳисобланган ушбу етти нафар шахс содир этилган жиноятга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида олиб кетилган. Кун давомида улар ўз тушунтиришларини беришган. Бироқ номаълум сабабларга кўра, 26 октябрь куни кечқурун барча терговлардан ўтиб, уйда бўлганларида, улар яна Қибрай тумани ИИБга чақирилган. У ерда улардан майда безорилик тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишни сўрашган. Ушбу ҳужжатларни имзолашдан бош тортгач, улар Қибрай туман судига олиб борилган”, дея иш юзасидан изоҳ берди адвокат.
Унинг айтишича, уларга суд томонидан адвокат тақдим этилмаган ва судья шунчаки ҳукмни эълон қилган. Шу сабабли Алламжоновнинг ўзи ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида адвокатга мурожаат қилган.
“Судья уларни 15 суткага маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилди. Маълум қилинишича, агар улар рози бўлмаса, ҳибсга олиш юзасидан юқори турувчи органга шикоят қилишлари мумкин бўлган. 2024 йил 3 ноябрга қадар адвокатларга улар билан учрашишга рухсат берилмаган, суд қарорлари устидан шикоят қилиш имкони ҳам йўқ эди. Комил Исмоилович Аламжонов бу фуқароларни ҳимоя қилиш учун менга мурожаат қилди”, деди у.
Саидов маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорни кўриб чиққанини ва ўша куни ҳеч қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир бўлмаганини айтди.
“Яъни, юқорида қайд этилган фуқаролар Қибрай туманида жойлашган “Арвин” кафеси рўпарасида бўлмаган, улар спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, майда безорилик содир этганликлари айтилган. Туман ички ишлар ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ва шунинг учун улар маъмурий қамоққа олинган.
Апелляция шикоятидан кейин апелляция суди уларни суд залига таклиф қилишдан бош тортди. Айни пайтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс суд мажлисида шахсан иштирок этишни назарда тутади ва бу қоидадан истиснолар йўқ. Суд маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг иштирок этишини таъминлаши шарт, лекин улар ҳам апелляция судига таклиф этилмаган. Натижада улар охиригача ўн беш суткалик маъмурий қамоққа олинди”, дея ўз шикоятининг мазмунини тушунтирган адвокат.
Унинг айтишича, судга ташқи томондан босим бўлган бўлиши мумкин.
“Нега адвокатлар тақдим этилмаганига келсак, четдан таъсир ўтказган деган тахминлар бор. Ташқи таъсир бўлиши мумкин эди, чунки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган мансабдор шахслар ўзлари бундай қарор қабул қила олмасди. Биз 23 январь куни судга ҳуқуқлар бузилганлиги тўғрисида хусусий ажрим чиқарилишини, сўнгра ушбу қонунбузарликларга ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб ариза билан мурожаат қилмоқчимиз. Бош прокуратурага эҳтимолий тазйиқлар юзасидан мурожаат юборилди. Ёзма шикоятни кўриб чиққанимиздан сўнг биз батафсилроқ тушунтиришлар бера оламиз”, деди Давронбек Саидов.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 январь куни соат 9:30 да Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг жамоат тартибини бузганлик айбловига кўра 15 суткага қамоққа олинган етти нафар фуқаронинг иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида очиқ суд мажлиси ўтказиши хабар қилинганди. Бироқ суд мажлиси 23 январь кунига қолдирилди.
LiveБарчаси
Эрдўған Тотлисас билан қўшиқ куйлади.
12 Январь
Индонезияда Ибу вулқони ҳаракатга келди.
12 Январь