Ўзбекистонда сув нархи қарийб 2 баробар қимматлашди
Жамият
−
26 Июль 2023
15619Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида ичимлик суви ва оқова хизматлар бўйича тариф нархлари қимматлашди. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” компанияси хабар берди.
Тошкент вилоятида 20 августдан бошлаб 1 кб.м ичимлик суви нархи 950 сўмдан 1700 сўмга (ҚҚСсиз) оширилди. Ушбу кўрсаткич “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ томонидан аҳолига етказиб бериладиган сув нархига нисбатан олинган. Унга кўра,
Ичимлик суви:
- аҳоли учун –1 м3 – 1 700 сўм;
- бюджет ташкилотлари учун — 1м3 — 7 000 сўм;
- улгуржи истеъмолчилар учун — 1м3 — 7 000 сўм бўлди.
Оқова сув хизмати:
- аҳоли учун – 1 м3 – 850 сўм;
- бюджет ташкилотлари учун — 1м3 – 1 850 сўм;
- улгуржи истеъмолчилар учун — 1м3 – 1 850 сўм этиб белгиланди.
Бундан ташқари, корхона томонидан эълон қилинган баёнотда “Чимган-Чорбоғ сув таъминоти” МЧЖ ва “Мусаффо оби ҳаёт” МЧЖ томонидан етказиб бериладиган ичимлик ва оқова сув хизмати учун ҳам алоҳида янгиланган тарифлар миқдори келтирилган.
Шунингдек, нархларнинг ошиши ҳудудларга ҳам таъсир қилади, хусусан, Сурхондарёда истеъмол суви нархи 1 кубометр учун 2140 сўмга, Қашқадарёда эса 2000 сўмга кўтарилган.
Маълумот учун, сўнгги беш йил ичида Тошкент вилоятида ичимлик суви таъминоти даражаси 60,9 фоиздан 73,8 фоизга етди. Марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти учта йирик ер усти иншоотлари орқали амалга оширилади: Ангрен шаҳридаги Наврўз сув тозалаш иншооти, Чирчиқ шаҳридаги очиқ сув тозалаш иншооти, Қибрай туманидаги Кодирия сув тозалаш иншооти, шунингдек, 22 тумандаги қудуқлар орқали. Ичимлик суви аҳолига 594 та сув иншоотлари, 866 та сув олиш қудуқлари, 6683,6 км сув қувурлари ва тармоқлар орқали етказиб берилади.