Ўзбекистонда энергетика тармоғини янгилашга 14 трлн сўм сарфланди – Энергетика вазири (видео)
Жамият
−
23 Ноябрь 2023
5019Кеча, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ҳукумат соати”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берди. Мажлисда қатнашган депутат Санжар Ҳамидуллаев Тошкент шаҳридаги электр тармоқларини янгилаш учун сарфланган маблағ миқдори, улар қаердан олингани ва қачон, қайси манба ҳисобидан қайтариб берилиши билан қизиқди.
Бунга жавобан вазир биргина Тошкент шаҳри учун қанча маблағлар ишлатилганини айтмаган бўлса-да, бутун республикада бунинг учун 14 триллион сўмга яқин маблағ ишлатилганини маълум қилди. Мирзамаҳмудовга кўра, бунинг учун давлат бюджети ва маҳаллий ҳокимликлар маблағлари, шунингдек, кредит ресурслари йўналтирилган.
“Импорт ускуналар, кабель ҳамда трансформаторлар, ўзимизда чиқмайдиган ускуналарни четдан олиб келингани инобатга олиниб, кредит ресурслари олинди. Буни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли қарорида барча кўрсаткичлар, қандай қайтариш, “Ҳудудий электр тармоқлари” томонидан ўзининг молиявий оқимларида кредитларни қайтариш — ҳаммаси инобатга олинган. Батафсил маълумот керак бўлса, буни ёзма равишда алоҳида ёпиқ хат билан киритиб берамиз”, деган вазир Мирзамаҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов агар бу йилги қишда аномал совуқ такрорланса, қандай чора кўрилиши аниқ белгилаб олинганини айтганди.
LiveБарчаси