Аномал совуқ такрорланса, яна “газ-свет” муаммоси бошланадими? Вазир жавоб берди (видео)

Жамият

image

Кеча, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ҳукумат соати”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берди. Депутат Умида Раҳмонова ўтган йилги аномал совуқ муаммоларни кўрсатиб берганини айтиб, Ўзбекистон энергетика тизими бу йилги қишга қай даражада тайёр эканига қизиқди.

Вазирнинг айтишича, жорий куз-қиш даврида Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 45 миллиард кв/соатга етиши кутилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 миллиард кв/соатга кўп дегани.

“Ушбу талабни қондириш учун жами 42,6 миллиард кв/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун ИЭСларга 8,5 миллиард кубометр табиий газ (кунига 46,6 миллион кубометрдан), 2,9 миллион тонна кўмир (кунлик 15 минг тонна) етказиб берилади. Кўмирнинг 1,1 миллион тоннаси импорт ҳисобидан етказилади. Шунингдек, кунига 2500 тонна мазут етказиш кўзда тутилган. Қўшни давлатлардан 5,2 миллиард кв/соат электр энергияси импорт қилиниши режалаштирилган”, деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Вазирнинг айтишича, ўтган йилги аномал совуқ пайтидаги газ тақчилликлари ҳисоб-китоб қилинган. Агар худди шундай об–ҳаво такрорланса, қандай чора кўрилиши аниқ белгилаб олинган.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, январнинг энг совуқ кунларида кунлик 273-280 миллион кв/соат электр истеъмоли кутилмоқда. Шундан 253-255 миллион кв/соатини ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминлаймиз. Қолган 19,4 миллион кв/соати импорт қилинади. Агар дефицит мавжуд бўлса, аввало уни электр энергияси экспортини кунига 6 миллион кв/соат қисқартириш ҳисобидан қопланади. Шу билан бирга, мазут ёқилғиси сарфини кунига 10 минг тоннагача ошириб, қўшимча 10 миллион кв/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига ҳамда электрни иқтисод қилиш орқали кунига ўртача 12 миллион кв/соат энергияси тежалади. Бунда 838 та истеъмолчилар юкламасини тунги режимга ўтказиш ҳисобига тиғиз вақтларда 1450 мегаватт қувватни бўшатиш имконияти пайдо бўлади”, деган вазир.

Шунингдек, у табиий газга бўлган талабни қондириш борасида бажарилган ишлар тўғрисида ҳам гап очган. Унинг сўзларига кўра, куз-қиш мавсумида республикада табиий газга бўлган талаб 28 миллиард кубометрни ташкил этиши (2022-йилгидан 2,5 миллиард кубометр кўп) кутилмоқда.

“Ушбу талабни қоплаш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 16,2 миллиард кубометр, хорижий ва қўшма корхоналар томонидан 10 миллиард кубометр табиий газ қазиб чиқарилади. Хабарингиз бор, эришилган келишувларга асосан, қўшни давлатдан ҳамда шимолдан қўшимча газ импорт қилиб, ички бозорга йўналтиряпмиз. Қишга тайёргарлик доирасида ер ости омборларида 3,5 миллиард кубометр табиий газ захираси яратилди”, дея қўшимча қилган Мирзамаҳмудов.

Билдирилишича, Ўзбекистонда ўтган йилги аномал совуқ даврида кунига 21,6 миллион кубометр газ тақчил бўлган. Шунинг ўрнини қоплаш манбалари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилинган. Бунинг учун, ерости газ сақлаш омборларидан ўтган йили кунлик 18–20 миллион кубометр табиий газ олинган бўлса, бу йил кунига 35–40 миллион кубометргача олиш имкони яратилган. 

“Аномал совуқ кунлари GTL заводига 5 миллион кубометр газ беришни қисқартирамиз. Шу билан бирга, заправкаларга ҳам газ беришни 30 фоизга қисқартириш ҳисобидан газ дефицити қопланади. Бу фақатгина аномал совуқ кунларга режалаштирилган”, дея таъкидлаган вазир.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси табиий газ Жўрабек Мирзамаҳмудов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг