Марказий Осиёдаги блэкаутда Қозоғистон ва Қизғизистон бир-бирини айблади
Олам
−
12:57 759 2 дақиқа
Аввалроқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда электр энергиясида кенг кўламли узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодисада Қозоғистон ва Қизғизистон бир-бирини айбламоқда. Бу ҳақда расмий идоралар муносабат билдирди.
Қирғизистон Энергетика вазирлиги дастлаб Қозоғистондаги юқори волтли тармоқнинг ташқи ўчиши ортидан Марказий Осиё энергетика тизими вақтинча изоляцияланган режимга ўтганини маълум қилган.
Бироқ кейинроқ узилишларнинг сабаби бўйича янги маълумотлар пайдо бўлди. Қозоғистоннинг KEGOC компаниясига кўра, кеча, 14 август куни Қирғизистондаги Тўқтоғул ГЭСида икки гидрогэнераторнинг авариявий ўчиши Қозоғистон энергетика тизимидаги транзитнинг ортиқча юкланишига олиб келган. Оқибатда Қозоғистоннинг жанубий қисми ягона энергетика тизимидан ажралиб, Марказий Осиё энергетика тизимида ҳам узилиш юз берган.
KEGOC маълумотларига кўра, авария оқибатида Олмаота, Жамбил, Туркистон, Қизилўрда ва Жетису вилоятларида, шунингдек, Қарағанда, Улитау ва Абай вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Шу билан бирга, Қирғизистон Энергетика вазирлиги автоматик ҳимоя тизими ускуналарни асраш мақсадида ишга тушганини билдирган. Вазирлик электр таъминоти ҳозир штат режимида экани ва узилган абонентлар йўқлигини маълум қилган.
Қозоғистондаги узилишлар эса Олмаотада светофорларнинг ишдан чиқиши ва йўлларда катта тирбандликлар юзага келишига ҳам сабаб бўлган. Кейинчалик электр таъминоти бир қатор ҳудудларда тўлиқ тикланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири Шерзод Хўжаев қуёш ва шамол электр станциялар юқори қувват билан ишлаган вақтда ҳосил бўлган ортиқча қувватларни экспорт қилиш эвазига иқтисодий самарани кўпроқ кўриш мумкинлигини айтиб ўтган эди.
Live
Барчаси