Марказий Осиёда блэкаут. Нима бўлди?
Олам
−
20:28 1799 3 дақиқа
Бугун, 14 август куни Марказий Осиёнинг тўртта мамлакатида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда кенг кўламли электр энергияси узилишлари юз берди.
Қозоғистон
Олмаота шаҳри ва Олмаота вилоятининг 10 та туманида қисман блэкаут KEGOC компаниясига тегишли бўлган 500 кВли Л-5400, Л-5300 ва Л-5320 учта юқори волтли электр узатиш тармоғининг авариявий ўчишидан сўнг содир бўлди. Бу ҳақда “Алатау Жарық Компаниясы” хабар берди.
Компания маълумотларига кўра, авария маҳаллий вақт билан соат 14:38 да юз берган. Тармоқлар ўчганидан сўнг “Алатау Жарық Компаниясы” тармоқларида автоматик аварияга қарши тизим ишга тушган, натижада истеъмолчиларнинг бир қисми чироқсиз қолган. Ўчирилган юклама ҳажми тахминан 300 МВтни ташкил этган.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги электр узилишларини Марказий Осиё энергетика тизими томонидан электр энергияси оқимининг кескин ўзгариши билан изоҳлаган.
“Натижада аварияга қарши тизим ишга тушди ва бу Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида бир қатор электр энергияси истеъмолчиларининг узилиб қолишига олиб келди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда тизим оператори “KEGOC” АЖ томонидан зарур қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Баъзи ҳудудларда электр таъминоти аллақачон тикланган.
Қирғизистон
Бишкек аҳолиси ҳам электр энергиясидаги узилишлар ҳақида хабар берди. Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 14 август куни соат 15:34 да Қозоғистондаги юқори волтли тармоқда ташқи ўчиш содир бўлгач, мамлакат энергетика тизими вақтинчалик изоляция қилинган режимда ишлашга ўтган.
“Узилиш Қозоғистон энергетика тизимининг шимолий ва жанубий қисмларини боғлайдиган тармоқда содир бўлди. Натижада Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими изоляция қилинган энергетика тугунига ажралиб чиқди, автоматик тизим эса ускуналарни сақлаб қолиш учун регламентга мувофиқ ишга тушди”, дейилади хабарда.
Тожикистон
Тожикистон ОАВлари хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 15:15 ларда Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Ваҳдат, Норак, Ҳисор, Шаҳринав, Бобожон Ғафуров тумани, Роғун ва бир қатор бошқа ҳудудлар аҳолиси электр энергияси ўчирилганини маълум қилган. Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги содир бўлган воқеанинг аниқ сабаби ҳозирча аниқланмаганини билдирган.
Бир вақтнинг ўзида Энергетика вазирлиги кенг кўламли узилишга гўёки “Норак” ГЭСдаги авария сабаб бўлгани ҳақида тарқалган маълумотларни рад этган.
“Норак” ГЭСда гўёки содир бўлган авария ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас”, дейилади идора хабарида.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда узилишлар, асосан, Сурхондарё вилоятига таъсир кўрсатган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қўшни давлат энергетика тизимидаги авария Марказий Осиё энергетика тизимига таъсир кўрсатганини, оқибатда минтақанинг ягона энергетика тизими ишида узилиш юз берганини маълум қилган. Ҳозирда мутахассислар содир бўлган воқеанинг сабабларини аниқламоқда ва оқибатларини бартараф этмоқда. Истеъмолчиларни электр билан таъминлаш босқичма-босқич тикланмоқда, тармоқларга кучланиш кетма-кет берилмоқда.
Live
Барчаси