Ўзбекистон Афғонистонга ортиқча электрни экспорт қилади – Энергетика вазири (видео)
Жамият
−
14:50 880 2 дақиқа
Ўзбекистон ички эҳтиёж тўлиқ қондирилганидан сўнг ортиб қоладиган электр энергиясини Афғонистонга экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бунинг учун Афғонистон ҳудудидаги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда кеча, 13 август куни Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимотдан сўнг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, Афғонистонга электр экспорти мамлакат ичидаги истеъмолчилар эҳтиёжи тўлиқ таъминланганидан кейин ортиб қоладиган қувват ҳисобидан амалга оширилади. Айниқса, қуёш ва шамол электр станциялари юқори қувватда ишлайдиган мавсумларда ҳосил бўладиган ортиқча электр энергиясини экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида янги қуёш электр станцияларини қуриш режалаштирилган.
“Сурхондарё жуда ҳам қуёшга бой ўлка. У ерда ҳозирги кунда ишлаб турган қуёш станциямиз қуввати тўлиқ Сурхондарё вилоятининг талабини қондиришга етади. Лекин, биз у ерда яна қўшимча иккита-учта электр станция қуришни режалаштирганмиз”, дейди Энергетика вазири.
Амалга ошириладиган лойиҳалардан бири Афғонистон ҳудудидаги электр тармоқларини ривожлантириш билан боғлиқ. Унга кўра, янги электр тармоқлари қурилади ва мавжуд инфратузилма модернизация қилинади. Лойиҳа Афғонистон томонининг ташаббуси асосида амалга оширилади.
Президентга қилинган тақдимотда эса ҳудудларда ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилган. Йиғилишда Самарқанд вилоятидаги ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хорижий инвесторларга бериш ҳамда “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли электр тармоғини барпо этиш лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин Афғонистондаги “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилиши бўйича умумий қиймати 243 миллион долларлик тўртта келишув имзоланган эди.
Келишувлар доирасида 1000 мегаватт қувватли 500 киловольтлик Сурхон–Дашт-Алвон электр узатиш линиясини узайтириш, 800 МВА қувватли Арғандеҳ подстанциясини кенгайтириш, Нангарҳор вилоятида Шайх Месри подстанциясини қуриш ҳамда 220 киловольтлик Қобул–Нангарҳор (Шайх Месри) электр узатиш линиясини кенгайтириш режалаштирилганди.
Live
Барчаси