Ўзбекистонда асоссиз оқланган 37 кишига айблов ҳукми чиқарилди – Бош прокурор (видео)

Ўзбекистон

−

visibility138 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистонда прокуратура органлари томонидан ҳисобот йилида 560 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, прокурор текширувлари ва дастлабки тергов давомида 2,3 триллион сўм зарар ундирилиши таъминланди. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни Олий мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

Қайд этилишича, қонунлар ижроси устидан назорат фаолияти давомида 50 мингга яқин қонунга зид ҳужжатга протест келтирилган, 32 мингдан зиёд тақдимнома киритилган. Шунингдек, 1,4 триллион сўм зарарни ундириш бўйича судларга 20 мингдан ортиқ ариза юборилган.

Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 30 267 нафарига қонун устуворлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалий ёрдам кўрсатилган.

 

Судларда 146 мингдан ортиқ иш кўрилишида прокурорларнинг иштироки таъминланиб, қонуний қарорлар қабул қилинишига кўмаклашилган. Шу билан бирга, 5 мингдан ортиқ суд қароридаги хатоликлар аниқланиб, уларнинг 36 фоизи прокурор протестлари асосида қонун талабларига мувофиқлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича судларда эса бу кўрсаткич 83 фоизни ташкил этган.

Прокурорлар ташаббуси билан 14 нафар шахс оқланган, асоссиз оқланган деб топилган 37 нафар шахсга нисбатан эса айблов ҳукмлари чиқарилиши таъминланган. Бундан ташқари, судларга 8 мингдан ортиқ ариза киритилиб, 583 миллиард сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилган. Суд амалиётидаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Олий суд Пленуми қарорларига 100 дан ортиқ таклиф ҳам берилган.

Мажлисда сенаторлар прокуратура органлари фаолиятидаги ижобий натижалар билан бирга, айрим йўналишларда назоратни кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Хусусан, соғлиқни сақлаш, репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш бўйича тавсиялар берилган.

Шунингдек, гиёҳвандлик, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши профилактик чораларни кучайтириш, сунъий интеллект ёрдамида жиноятчилик хавфларини таҳлил ва прогноз қилиш ҳамда криминоген хариталарни шакллантириш борасидаги ишларни фаоллаштириш тавсия этилган.

Муҳокамалар якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида жиноят ишлари бўйича судлар 64 902 та ишни кўриб чиққани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг