Ўзбекистонда уч ойгача ҳақ тўланмайдиган стажировкалар жорий этилиши мумкин
Ўзбекистон
−
738 2 дақиқа
Ўзбекистонда уч ойгача муддатга ҳақ тўланмайдиган касбий амалиёт ўташ тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу механизм иш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларга амалий кўникмаларни эгаллаш, иш берувчиларга эса бўлажак ходимларни баҳолаш имконини беради. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Қонун лойиҳасига кўра, бугунги кунда меҳнат бозорига илк бор кираётган ёшлар, шунингдек, фаолият соҳасини ўзгартиришга қарор қилган фуқаролар амалий тажриба ва иш стажи йўқлиги сабабли ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Иш берувчилар эса тажрибасиз номзодларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ва қўшимча харажатлар туфайли уларни ишга олишга унчалик қизиқиш билдирмаяпти.
Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида уч ойгача муддатга ҳақ тўлаш мажбуриятисиз касбий амалиёт ўташ механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шу мақсадда Меҳнат кодексини 368¹-модда билан тўлдириш режалаштирилган. Унга кўра, амалиёт даври учун ҳақ тўлаш ёки тўламаслик масаласини иш берувчининг ўзи ҳал қилади.
Ишлаб чиқариш таълими шартномаси асосида касбий таълим ёки қайта тайёрлашдан ўтган шахслар кейинчалик ўша иш берувчига ишга жойлашган тақдирда, улардан стажировка ўташ талаб этилмайди. Янги механизм иш қидираётганларга реал иш шароитида тажриба орттириш, ўз билим ва кўникмаларини намойиш этиш, иш берувчиларга эса номзодларнинг малакаси ҳамда ташкилот талабларига мувофиқлигини баҳолаш имконини бериши кутилмоқда.
Шунингдек, мазкур механизм барқарор меҳнат муносабатларини шакллантириш, ишсизликни камайтириш ва ёшлар бандлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган. Қонунчиликка касбий амалиёт шартномасининг мазмунини белгилайдиган 368-2-моддани ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, касбий амалиёт шартномасида қуйидаги маълумотлар акс этиши керак:
- касб ёки лавозим номи;
- амалиётчига бириктирилган устоз ҳақидаги маълумотлар;
- амалиёт муддат;
- агар назарда тутилган бўлса, тўланадиган ҳақ миқдори;
- иш берувчининг амалиёт учун зарур шароитларни яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари;
- амалиёт якунида сертификат бериш тартиби;
Қонун лойиҳаси 9 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Live
Барчаси