Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши кучайса, автомобиллар ҳаракати чекланиши мумкин

Ўзбекистон

−

visibility1350 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифатининг ёмонлашишига қарши қўшимча чоралар жорий этиш таклиф қилинмоқда. Янги механизмларга кўра, ҳаво ифлосланиши белгиланган даражага етганда корхоналар фаолиятини қисқартириш, автомобиллар ҳаракатини чеклаш ва қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиш мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ишлаб чиққан “Атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашишининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши, унинг олдини олиш ва оқибатларини камайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмлар тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз боради. 

Маълум қилинишича, ҳаво ифлосланиши “қизил” ва “бинафша” даражага етган тақдирда, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналар зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш мақсадида ишлаб чиқариш қувватларини вақтинча пасайтириши лозим бўлади. Бунда стратегик объектлар ҳамда алоҳида ҳуқуқий режимга эга объектлар учун истисно назарда тутилган. Белгиланган талабларга риоя этилишини экоинспекция назорат қилади.

Шунингдек, вилоят ва шаҳар марказлари ҳамда уларга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларида ёқилғи сифатида бу мақсад учун мўлжалланмаган материаллардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилиши белгиланмоқда.

Ноқулай метеорологик шароитларда энергетика корхоналарига мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланиши ҳам таклиф этилган. Бироқ энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган авария ва фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.

Лойиҳага мувофиқ, вилоят ва шаҳар марказларида ҳаво сифати ёмонлашган ҳолларда катта юк кўтариш қувватига эга юк автомобиллари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки уларни айланма йўлларга йўналтириш назарда тутилмоқда. Зарур ҳолларда транспорт воситаларининг давлат рақамларига қараб, тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланиш тартиби жорий этилиши мумкин. Бунда электромобиллар ва махсус транспорт воситаларига чекловлар татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг асослантирилган таклифига биноан, транспорт ҳаракати вақтинча чекланадиган кўчалар ва йўл участкалари белгиланиши мумкин.

Ҳаво сифати ёмонлашган даврларда шаҳар марказлари ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда қурилиш ишларини вақтинча чеклаш таклиф этилмоқда. Бунда қурилиш майдонларида чангни бостириш ускуналари ва технологияларидан мажбурий фойдаланиш, материалларни ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш, ҳудудни мунтазам намлаш ҳамда чанг тарқалишини камайтиришга қаратилган бошқа талабларга амал қилиш белгиланмоқда.

Шу билан бирга, табиий чанг кўтарилиши кучайиб, ҳаво сифати ёмонлашган вазиятларда ҳокимликлар шаҳарлардаги мавжуд фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши керак бўлади. Шунингдек, марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда намлаш ишлари кучайтирилади.

“Қизил” ва “бинафша” даражалар нимани англатади?

Маълумот учун, ҳаво ифлосланишининг “қизил” даражаси зарарли моддалар концентрацияси рухсат этилган меъёрдан ошиб, аҳолининг катта қисми саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш хавфи юзага келишини англатади. “Бинафша” даража эса ҳавонинг юқори даражада ифлосланганини ва чекловчи ҳамда профилактик чоралар кўриш зарурлигини билдиради.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йил 12 декабрга қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг