Синдоровга кўз тиккан дунё: Жаҳон шахмат тахтига бир қадам

Таҳлил

−

visibility306 timer4 дақиқа

Reklama
0:00

Шу кунларда Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очилиши арафасида. Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров дунёнинг энг нуфузли шахмат тожини қўлга киритиш учун курашмоқда. Кураш 22 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бошланди. Рақиб – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу.

22 ноябрь куни ўтказилган биринчи партия тахминан 3 соат 20 дақиқа давом этди. Биринчи партияда Синдоровнинг ноодатий ҳаракати кўпчиликнинг эътиборини тортди. У рақиби Гукеш узоқ вақт ўйлаб ўтирганида, ўйин залини тарк этиб, дам олиш хонасида кўзларини юмганча мизғигандай кўринди. Ушбу шу ҳолат ҳақида ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистлар Жавоҳирга савол беришди.

Жавоҳир, ўйин давомида бошингизни эгиб ўтирганингизни кўрдим. Етарлича ухлаяпсизми? Ўйинларга тайёргарлик кўриш учун тунда узоқ ўтириб қоласизми?

Жавоҳирнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:

“Йўқ, мен шунчаки, яъни рақибим ўйлаётганида, бироз ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қиламан. Чунки кеча айтганимдек, мен у ерда шунчаки ухлаб ётганим йўқ, балки юришлар ҳақида ўйлаяпман. Лекин шунингдек, бироз бўшашишга ҳам ҳаракат қиламан”.

Шахматчилар 26 ноябрь куни баҳснинг учинчи партиясини якунлади. Бу партия қолганларига қараганда энг кескин ва қизиқарлиси бўлди. Гукеш дебютдаёқ рақибини ҳайратда қолдирди ва ўйин давомида бир неча бор устунликка эришишга ҳаракат қилди. Айниқса, вақт танқислиги Синдоров учун мураккаб вазиятни юзага келтирди. Бироқ Жавоҳир 40-юришда атиги 8 сония вақт қолганида оғир вазиятдан чиқиб кетди.

Ўйиндан сўнгги матбуот анжуманида у рақибининг пухта тайёргарлик кўрганига алоҳида тўхталди:

“Бугун рақибим ҳақиқатан ҳам яхши тайёргарлик кўрган эди. Биз 5…Be7 вариантини ўрганганмиз, аммо унчалик чуқур эмас. Шунинг учун ҳайрон қолдим. Мен, позициям жуда яхши деб ўйлагандим, бироқ рақибим пухта тайёргарлик кўрган экан. Оқ доналарда ўйнаганим учун айрим имкониятларни топишга ҳаракат қилдим. Партия охирига келиб, позиция мутлақо тенг эканини англай бошладим. Вақт танқислиги сабабли хатога йўл қўйишимга ҳам бир бахя қолди. Аммо яхши ҳимояланганимдан хурсандман”.

Жавоҳир Женевага ёлғиз бормади. У билан 4,5 ёшидан шахмат ўйнашни ўргатган бобоси, мураббийлари ҳамда дўстлари бирга. Ўзбек мухлислари “келинимиз” дея атайдиган қозоғистонлик гроссмейстер Бибисора Ассаубаева ҳам Жавоҳирнинг ёнида.

У 2024 йилда Дин Лижэнь ва Гукеш ўртасидаги жаҳон чемпионлиги баҳсини бирга томоша қилаётганларида, Жавоҳирга икки йилдан кейин айнан у жаҳон чемпионлиги учун курашишини айтганини интервьюларидан бирида эслаган.

Жавоҳир ва Гукеш шахмат тарихида жаҳон чемпионлиги учун ўзаро курашаётган энг ёш жуфтлик ҳисобланади. Иккаласи ҳам 20 ёшда. Бироқ Гукеш бу баҳсда иккинчи марта иштирок этмоқда. У 2024 йилда 18 ёшида жаҳон тожи учун кураш олиб борган ва ғолиб бўлган. Бу йил эса 20 ёшида чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун курашмоқда.

Жаҳон шахмат тожини қўлга киритиш ҳаяжони ўзбек мухлисларига бегона эмас. Бундан 22 йил аввал Рустам Қосимжонов бу қувончни халқимизга ҳадя қилган эди. Қолаверса, бугун у ҳам Женевада гроссмейстер билан бирга. Ҳозирда Рустам Қосимжонов Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг бош мураббийи ҳисобланади. У жорий йил Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам жамоанинг тарихий ғалабасига ўз тажрибаси ва меҳнати билан ҳисса қўшди.

Жавоҳир Синдоровнинг бугун жаҳон шахмат тожи учун курашиш даражасига етиб келиши тасодиф эмас. Бу – йиллар давомида қўлга киритилган ғалабалар, рекордлар ва тинимсиз меҳнат маҳсули. Унинг ютуқларига бир назар ташласак…

2018 йилда, эндигина 12 ёшида, гроссмейстерлик талабларини бажарди. Шу тариқа дунёдаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланди. Ўша йили Тошкент ҳокимлиги унга Сергели туманидан 3 хонали уй совға қилди.

2019 йилда эса 13 ёшида Ўзбекистон катталар ўртасидаги шахмат чемпионатида ғолиб чиқди.

2025 йил Синдоров фаолиятидаги энг муҳим бурилишлардан бири бўлди. Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогида 206 нафар шахматчи орасидан ғолиб чиқиб, турнир тарихидаги энг ёш чемпионга айланди. Бу ғалаба унга 120 минг доллар мукофот ва 2026 йилги Номзодлар турнирида қатнашиш ҳуқуқини берди. 2026 йил сентябрида эса Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида яна бир олтин медални қўлга киритди. Президент томонидан унга 200 минг доллар, уй ва автомобиль топширилди.

2026 йилнинг 28 мартдан 16 апрелга қадар Кипрда ўтказилган Номзодлар турнирида ҳам Синдоров ўз устунлигини намойиш этди. У 14 тур давомида бирор марта мағлубиятга учрамай, 10 очко билан мусобақада ғолиб бўлди. Энг муҳими, бу ғалаба унга жаҳон тожи учун амалдаги чемпион билан баҳслашиш имкониятини тақдим этди.

 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг