Синдоров Каспаровнинг хатосини такрорлашдан огоҳлантирилди
Спорт
−
4042 2 дақиқа
“The Guardian” нашри шарҳловчиси Леонард Барден ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоровнинг Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон чемпионлиги учун баҳсларда Берлин ҳимоясини ёриб ўтишга уринишларини Гарри Каспаровнинг Владимир Крамникка қарши йўл қўйган хатоси билан таққослади.
Жаҳон чемпионлиги учун кечаётган баҳснинг дастлабки учта партиясидан сўнг ўзбекистонлик шахматчи икки марта оқ доналарда ўйнаш имкониятига эга бўлди ва бир марта қора доналарда ҳаракат қилди. Барча партиялар дуранг билан якунланди. Ҳозирда ҳисоб 1,5:1,5.
Учинчи партияда Гукеш рақибига нисбатан яхшироқ тайёргарлик кўрганини яққол намоён этди. У биринчи партиядаги каби яна Берлин ҳимоясига асосланган “Руи Лопес” дебютини танлади. Синдоров Гукеш ишонч билан ҳаракат қилган бир пайтда ўз вақтининг қарийб бир соатини йўқотди. Шунга қарамай, партиядаги мувозанатни сақлаб қолди ва учинчи ўйин ҳам дуранг билан якунланди.
Баҳсларнинг ҳали дастлабки босқичи бўлса-да, Синдоров еттита оқ доналар билан ўтказадиган партиясидан иккитасини ўтказиб бўлди. Демак, унда яна бешта имконият қолди. Барденнинг айтишича, бу ҳолат Гарри Каспаровнинг 2000 йилда Лондонда Владимир Крамникка қарши жаҳон чемпионлиги учун ўтказган баҳсидаги асосий хатосини эслатган. Ўшанда Каспаров оқ доналарда ўйнаган партияларининг аксариятида Берлин ҳимоясини енгишга уринган эди. Синдоров энди қора доналарда ўйнаганда мураккаброқ йўлни танлаши мумкин. Бироқ бундай стратегия назарий жиҳатдан кўпроқ хавф туғдиради.
Маълумот учун, тўртинчи партия дам олиш кунидан сўнг бугун, 28 ноябрь куни ўтказилади. Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш ушбу баҳсда оқ доналарда ўйнайди. Баҳс Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади. Жаҳон чемпионлиги баҳси жами 14 та классик партиядан иборат бўлиб, ғолиблик учун шахматчилардан бири 7,5 очко тўплаши керак.
Live
Барчаси