“Ҳайрон қолдим”. Синдоров Гукешнинг кутилмаган ўйинига муносабат билдирди
Спорт
−
1497 1 дақиқа
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳснинг учинчи партиясида рақиби Гукеш Доммаражу яхши тайёргарлик кўрганини ва унинг кутилмаган ўйин услубидан ажабланганини айтди. Бу ҳақда Синдоров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида сўз очди.
“Бугун рақибим ҳақиқатан ҳам яхши тайёргарлик кўрган эди. Биз 5...Be7 вариантини ўрганганмиз, аммо унчалик чуқур эмас. Шунинг учун ҳайрон қолдим. Мен позициям жуда яхши деб ўйлагандим, бироқ рақибим пухта тайёргарлик кўрган экан.Оқ доналарда ўйнаганим учун айрим имкониятларни топишга ҳаракат қилдим. Партия охирига келиб, позиция мутлақо тенг эканини англай бошладим. Вақт танқислиги сабабли хатога йўл қўйишимга ҳам бир бахя қолди. Аммо яхши ҳимояланганимдан хурсандман”, дейди Синдоров.
Учинчи партияда Синдоров оқ доналарда ўйнади. Шахматчилар Руи Лопес дебютининг Берлин ҳимояси вариантини танлаб, деярли хатосиз ўйин намойиш этди.
Компьютер таҳлилига кўра, ҳар икки гроссмейстернинг юришлар аниқлиги 99 фоизни ташкил этди. 60-юришда шахматчилар дурангга келди. Бу вақтда Синдоровнинг соатида 14 дақиқа 7 сония, Гукешда эса 16 дақиқа 46 сония вақт қолган эди. Учта партиядан кейин умумий ҳисоб 1,5:1,5 кўринишида. Тўртинчи партия эртага, 28 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Гукеш оқ доналарда ўйнайди.
Live
Барчаси