Бибисоранинг онаси Жавоҳир Синдоровни қўллаб-қувватлади
Спорт
−
2058 2 дақиқа
Қозоғистон аёллар шахмат терма жамоаси етакчиси Бибисора Асаубаеванинг онаси Лиана Танжарикова Швейцариянинг Женева шаҳрида классик шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб бораётган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоровни қўллаб-қувватлади. Танжарикова ўзининг Instagram саҳифасида 20 ёшли шахматчига жаҳон чемпионлиги учун курашда омад тилаган видеони жойлаштирди.
“Бугун сайёрамизнинг энг кучли шахматчиларидан бири жаҳон чемпионлиги учун курашмоқда. Жавоҳир, бугун сенинг кунинг. Сен 20 ёшдасан ва жаҳон тожи учун курашяпсан. Сен аллақачон бошқалар бутун умри давомида орзу қилган натижага эришдинг. Ҳисоб ҳақида қайғурма, шунчаки ўз ўйинингни намойиш эт. Барчамиз сени қўллаб-қувватлаймиз”, деб ёзди Лиана.
Шунингдек, Танжарикова Синдоровнинг жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирок этаётгани тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“У 20 ёшда. Ва у шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланиши мумкин. Бу шахмат тарихидаги энг ёш чемпионлик баҳси ҳисобланади. Бундай ҳолатга 140 йилдан бери гувоҳ бўлинмаган. Унинг эндигина катта шахматга кириб келган пайтларини эслайман. Бугун эса бутун дунё уни кузатмоқда. Ҳар бир партия соатлаб давом этадиган сукунат ва улкан руҳий босимдан иборат. Айни пайтда у бизнинг қўллаб-қувватлашимизга жуда муҳтож. Жавоҳир, биз сенга ишонамиз”, дея ёзган у.
Синдоровнинг жаҳон чемпионлиги учун баҳсдаги рақиби амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ҳисобланади. 14 та классик партиядан иборат баҳснинг соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Учта партиядан кейин умумий ҳисоб 1,5:1,5 кўринишида. Бугун, 27 ноябрь куни матчда танаффус. Тўртинчи партия эртага, 28 ноябрь куни Тошкент вақти билан 19:00 да бўлиб ўтади.
Live
Барчаси