Ўзбекистонда маҳаллаларнинг энергетик паспорти яратилади – Шерзод Хўжаев (видео)

Local

image

Ўзбекистонда маҳаллаларнинг энергетик паспорти яратилади ва электр энергияси ҳамда табиий газ етказиб берувчи компаниялар ва истеъмолчилар ўртасидаги мулоқот янги босқичга олиб чиқилади. Бу ҳақда кеча, 6 август куни Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Президент Шавкат Мирзиёев билан йиғилишдан сўнг “Ахборот 24” дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг билдиришича, йиғилишда энергетика йўналишида амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар бўйича тақдимот қилинган. Президент томонидан бир қатор вазифалар белгиланган.

“Шулардан энг устуворлари бу – ишларни “маҳаллабай” ташкил этиш, ҳар бир маҳалланинг энергетик паспортини шакллантириш, яъни маҳаллада нечта истеъмолчи бор, истеъмолчиларнинг тоифалари қанақа, маҳаллага кириб келган электр энергияси, табиий газ инфраструктураси қандай, ҳолати қанақа, уни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича қанча маблағ талаб этилади, қанча вақт талаб этилади, янги истеъмолчиларни улаш учун қанча имкониятимиз бор, агар бу имкониятлар етарли бўлмаса, инфраструктурани қандай кучайтиришимиз, кенгайтиришимиз керак, шу каби маълумотларнинг ҳаммасини ўзида мужассам қилган ҳар бир маҳалланинг энергетик паспортини шакллантиришимиз керак”, дейди Энергетика вазири.

Шунингдек, вазирга кўра, энергетика соҳасидаги электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчи компаниялар ва истеъмолчилар ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш керак. Чунки, тадбиркор ва аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни қайта ишлаш, уларга жавоб бериш бугунги давр талабларига тўғри келмайди.

“Онлайн платформаларни ишга тушириш, ахборот тизимлари, биллинг тизимлари билан боғлаш, яъни ҳар бир истеъмолчи, хоҳ тадбиркор бўлсин, хоҳ аҳоли бўлсин ўзи хоҳлаган вақтда мобил илова орқали ўзининг қарздорлиги ёки бошқа маълумотларни олиш имкониятига эга бўлсин. Ҳозир ҳам бор, лекин етарли даражада қулай эмас”, дейди Шерзод Хўжаев.

Бундан ташқари, вазирнинг айтишича, таъминотида узилиш бўладиган бўлса, фақат колл-марказларига қўнғироқ қилиб, навбат кутмасдан мобил илова орқали таъминотдаги узилиш ҳақида хабар бериш йўлга қўйилиши керак.

“Албатта, барча мижозлар ҳам мобил иловадан фойдалана олмайди. Шунинг учун колл-марказларининг фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиб, сонини кўпайтириш ва жавоб беришда ҳам сифат жиҳатдан, ҳам вақт жиҳатдан янги бир яхшироқ кўрсаткичларга эришишимиз керак”, дейди вазир.

Шу билан бирга, табиий газ ва электр энергиясини етказиб беришдаги йўқотишларни ҳамда қарздорликларни кескин қисқартириш масаласи кўтарилган.

“Таннархни пасайтириш, албатта, рақобат муҳитини яратиш орқали ҳам амалга оширилади, яъни соҳага бозор механизмларини жалб этишни жадаллаштириш, кучайтириш. Биринчи навбатда, суюлтирилган газнинг эркин бозорини яратиш бўйича топшириқ берилди. Яъни тадбиркорлар томонидан четдан импорт олиб келинадиган суюлтирилган газни аҳолига, тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёнларини соддалаштириш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш ва шу билан бирга хавфсизлик нормаларига риоя этишларини, ҳар хил авариялар бўлишини олдини олиш мақсадида амалдаги техник регламентларни қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди”, дейди Шерзод Хўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлигига тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, соҳа корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш вазифаларини юклагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends