Учган вазир, қамалган солиқчи, гольф майдонидаги Президент, “Лолазор”га борган Мирзиёева – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
01 август 4124 15 дақиқа
Энергетика тизимидаги танқидлар, вазирнинг лавозимдан кетиши ортидан тарқалган ҳибс ҳақидаги хабарлар, юқори мансабдорларга қарши бошланган судлар, Саида Мирзиёеванинг ноқонуний қурилишлар бўйича тунги рейди, Президентнинг Қирғизистон ва Қозоғистонга ташрифи, Гулнора Каримова иши бўйича Швейцария судининг қарори ҳамда МДҲдаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири — «Жора Ташкентский»нинг қўлга олиниши. Тугаётган ҳафта Ўзбекистонда ҳам, минтақада ҳам шов-шувли воқеаларга бой бўлди. Улар ҳақида батафсил — QALAMPIR.UZ'нинг ҳафталик дайжестида.
Одамлар охирги вақтларда электр ва газдан дод солиб қўнғироқ қилса, жавоб бермайдиган бўлганмиз. Йўлимизни тўсиб, тарифлар ошяпти, сифат тушяпти, пулини тўлаб ҳам электрга, газга зор қоляпмиз, қанақа журналистсиз ўзи, гапирмайсизми, дейдиганлар кўп. Билишмайди-ки табибнинг ўзи ҳам бемор.
(Кичкина табиб фильмидан лавҳа)
Энергетикада катта тозалаш: вазир кетди бироқ муаммо қолди
Азага келган хотин ўзини дардини айтиб йиғлар деган гапни кўп эшитгансиз. Мен ҳам гапни ўз муаммоларимизни айтишдан бошласам. QALAMPIR.UZ жойлашган ҳозирги бинога 2020 йилда кўчганмиз. Ўшанда биномизга электр симлари нон заводидан ўтказилгани, бу ерда унча-мунчага чироқ ўчмаслиги, нон заводлари муҳим объектлар ҳисобланишидан қувониб, бизда чироқ ўчмайди деб кариллаб юрардик. Кўз тегди! Олмазордаги трансформаторларнинг ёниб кетишлари, тинимсиз чироқ ўчишлари бизни ҳам четлаб ўтмади. Бу йил тинимсиз чироқ ўчиши бўйича мутлақ рекордга эришдик. Кунига бир неча соатлаб чироқсиз ўтириш Тошкентнинг бир чеккасидаги нон заводини қўйинг, мамлакатнинг энг йирик оммавий ахборот воситаларидан бирининг ҳам чекига тушган ва эҳтимол ҳаммасининг.
Умуман, шу йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида 4 мингта авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолди. Буни мен эмас, Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта ёқилғи-энергетика тармоғи бўйича ўтказилган ўта жиддий йиғилишда айтди.
Давлат раҳбари ҳар йили ёз ва қиш мавсумида мамлакатдаги ўнлаб подстанцияларда авария бўлаётгани, юзлаб трансформаторлар ёниб кетаётганини очиқ гапириб, “ҳар бир узилиш тадбиркорларга ва иқтисодиётга қанча зарар келтирганини кимдир ҳисоб-китоб қиладими, йўқми?” деган ҳақли саволни қўйди.
Энергетика вазирлиги, унинг қуйи бўғинидаги раҳбарларнинг ижро масъулияти мутлақо йўқ. Шу боис одамлар ҳам, масъуллар ҳам энергетика тизимидаги масъулларнинг ишидан норози. Президент 2022 йилдан буён Энергетика лавозимини эгаллаб келаётган Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбари Асроржон Асқаровни лавозимидан озод қилганини айтди ва янги раҳбарларга қатъий талаблар қўйди.
“Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги бошқарув раиси Сардор Исоқулов электр таъминоти сифати ва узилишлар билан боғлиқ вазият “аянчли аҳволда” эканини айтиб, Президент соҳани амалда қайтадан барпо этиш вазифасини қўйганини маълум қилди.
Бундан ташқари, унинг айтишича, йиғилишда бугунги кунда трансформаторлар, ҳаво электр узатиш тармоқлари юклама марказидан қочган ҳолда ва номутаносиб ўрнатилгани кескин танқид қилинган. Президент дебитор қарздорлиги оғир бўлган, узилишлар кўрсаткичи юқори бўлган туманларга энергетика вазирлиги тизими корхоналарининг раҳбарлари шахсан бириктирилиб, у жойда трансформаторбай ишлаш ёки бўлмаса газ соҳасида бўладиган бўлса, ГРПбай ишлаш йўналишлари бўйича аниқ-аниқ топшириқ берган.
Бироқ айрим тадбиркорлар ижтимоий тармоқлар орқали чиқиши қилиб, юқоридан берилган топшириқлар қуйи тизимда нотўғри бажарилаётгани, яна тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани, “газ” ва “свет” учун сунъий қарз ва олдиндан тўлов деб корхоналар фаолияти тўхтаб қолаётганидан нолияпти. Мана, улардан бирининг мурожаатига қулоқ тутинг.
Хўш, эски вазир Мирзамаҳмудовга нима бўлди, дейсизми? Унга иш берилмади ва ижтимоий тармоқда Мирзамаҳмудовга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, у суд тартибида ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Албатта, QALAMPIR.UZ бу хабарлар ортидан тушди ва Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаровдан бу ҳақда изоҳ олишга уринди.
“Суд бу вазиятга изоҳ бера олмайди. Мен ҳам изоҳ бера олмайман. Чунки, биринчидан, маълумотим йўқ. Маълумотни олиб берсангиз бўлади-ку, дейишингиз мумкин. Лекин гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш (санкция бериш) масаласи ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Шунинг учун хоҳласак ҳам, бундай маълумотни биз ошкор қила олмаймиз”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби.
Собиқ амалдорлар учун оғир ҳафта: кетма-кет судлар бошланди
Катталарнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ва суд қилиниши билан боғлиқ масалалардан узоқлашмаймиз.
Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари, жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармасида ўтган йиғилишда лавозимидан озод этилган Мубин Мирзаев тугаётган ҳафтада 8 йилга қамалди.
У Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланган.
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши бўйича ҳам суд бошланди.
Мазкур жиноят иши доирасида Бекмурод Абдуллаев дохил, жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Қолаверса, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ мулозимлари Ганчар Узоқов, Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдинов устидан ҳам суд бошланди. Улар Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион “схема” яратиб, фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан, қарийб 90 млн АҚШ доллари йиққанига оид иш бўйича судга тортилган.
Айбланувчиларнинг барчасига Жиноят кодексининг бир хил моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Улар Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми билан айбланмоқда.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов ва яна 5 кишига оид жиноят иши бўйича ҳам суд иши бошланди.
6 йилга яқин Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимида ишлаган 46 яшар Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” ва “г” бандлари, айни шу модданинг 3-қисми “а” ва “в”, 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, айни шу модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жавобгарликка тортилган.
Ушбу уч суднинг ўхшаш жиҳати шундаки, уларнинг барчаси оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ ўтказилмоқда. Буни Тошкент шаҳар судлари шундай изоҳлади:
“Қайд этилган жиноят ишларида қонун билан муҳофаза этиладиган, шунингдек шахсий ҳаётга оид маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланди.
Бўлиб ўтаётган суд процесслари якуни юзасидан қўшимча ахборот берилади”.
“Лолазор”даги қурилиш можароси: Саида Мирзиёева ҳудудга борди
Бугун пойтахт Тошкентда нима кўп, қурилиш кўп. Қурилиш бўлганда ҳам ноқонунийси жуда кўп. Уларга қарши ҳар қандай йўл билан курашиляпти, лекин натижа кутилганидек эмас. Токи, масала юқоригача етиб бормаса, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ҳам беҳуда. Шундайлардан бири юқоригача етиб борди. Яқинда Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласи турғунлари ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқиб, кўп қаватли уйлар ўртасидаги болалар майдончасидаги дарахтлар қўпорилиб, болалар майдончаси ўраб олиниб, ўрнида бизнес маркази қуриш ишлари бошлаб юборилганидан ёзғирган эди. Уларнинг мурожаатига на Қурилиш вазирлиги, на прокуратура, на “буз-буз” билан овора шаҳар ҳокимлиги эътибор қаратди. Лекин Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мурожаатни жавобсиз қолдирмади. У кеч бўлишига қарамай, ҳудудга борди, масъулларни йиғди, бу қурилиш ортида ким турганини, уни оддий одам ўраб олмаслигини, албатта, қайсидир ғўддайган ё блатной борлигини айтди.
Саида Мирзиёеванинг айтишича, Бош прокуратура бутун Тошкент шаҳри бўйича бундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказади. Қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва аҳоли ҳуқуқларига қай даражада риоя қилинганини текшириш шарт. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади.
“Аҳоли фойдаланиши учун ажратилган шаҳар ҳудудлари офис ёки турар жой биноларини қуришга мўлжалланмаган, улар ўз вазифасига кўра хизмат қилиши зарур. Одамлар дод деганича бор – қурилишлар туфайли пойтахтдаги умумий ҳовлилар, ўйин ва спорт майдончалари таг-туги билан йўқ қилиб юбориляпти”, дейди Мирзиёева.
Ҳудудда Саида Мирзиёевага пешвоз чиққан оқсоқол Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Бахтиёр Раҳмонов. Лекин экологияга масъул бўлган бу шахс номи кўпинча айнан дарахтлар қирғини билан боғланади. Эсингизда бўлса, 2025 йилнинг октябрь ойи охирида Тошкентнинг Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганди. Ушбу хатти-ҳаракат билан табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилганди.
Ўшанда собиқ депутат Расул Кушербоев ушбу ҳолат ҳақида бонг уриб, дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан, ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланганини айтиб чиққанди. Лекин, Раҳмонов сувдан қуруқ чиқди, ободонлаштириш ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Иш қандай тугагани эса номаълум.
Сизнингча, Саида Мирзиёева бу масалани кўтармагунча “Лолазор” маҳалласидагиларнинг фарёди Раҳмоновгача етиб келмаганми? Ё бошқаларни-чи?
Саида Мирзиёева ҳудудни тарк этаркан, Бахтиёр Раҳмоновнинг қўлини маҳкам сиқиб, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида шаҳарда дизайн-код борасида олиб борилаётган ишларни шармандали деб атади.
Марказий Осиёда иттифоқчиликнинг янги босқичи
Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада икки қўшни мамлакатга сафар қилди. Бири Қозоғистон, иккинчиси Қирғизистон. Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Келажак ўйинлари” учинчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Президентнинг Қирғизистонга қилган уч кунлик ташрифи муҳим воқеалар ва янгиликларга бой бўлди. Энг аввало, Президент Мирзиёев ва Биринчи хоним Мирзиёева Чўлпонотада катта ҳурмат ва иззат-икром билан кутиб олинганига эътибор қаратсак. Бундан 10 йил аввални қўйинг, 35 йил давомида Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳеч қачон бугунгидек бўлмаган.
35 йил деганда икки мамлакат президентлари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Яна 10 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиндики, бунинг натижасида энди Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат фуқароларини чегарани кесиб ўтганидан кейин 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтиш талабидан озод қилади. Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари сони 15 тадан 30 тагача оширилади. Энди Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга, Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга кўчган тақдирда ҳам пенсия олишда давом этади. Пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгиланади. Битимнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ, у кучга киргунга қадар орттирилган иш стажи миллий қонунчилик ҳамда 1992 йил 13 мартдаги МДҲ битими асосида инобатга олинади.
Президентлар мулоқотида Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинган. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги айтилди.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифига алоҳида тайёргарлик кўрган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон раҳбарини мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири I даражали “Манас” ордени билан мукофотлади.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Шавкат Мирзиёевнинг мукофотланганига фикр билдираркан, бу ҳақли эътироф эканини, яқин йилларда қўшниларни тиканли симлар, нифоқ ва визалар ажратиб келганини айтди.
“Бу ҳақли эътироф, Ўзбекистон томонининг Марказий Осиё бирдамлиги, туркий дунёнинг ўзаро интеграциялашуви йўлидаги ташаббуслари бемисл. Ўтган ҳафта Тожикистонда бўлиб бунга яна бир карра амин бўлдик. Тожиклар ҳам чегарадаги вазиятнинг тубдан ўзгарганини мамнуният билан таъкидлашмоқда. Дилга яқин дўстларимиз билан аввал Ашхобод, кейин Ҳирот, Қобул, Қандаҳор сафарларини режалаштиряпмиз. Беруний, Ҳазрат Навоий, Бобур бобомиз қабрларини зиёрат қилиш орзуимиз. Ўзаро қўшничилик алоқаларининг яхшилангани бу умидни берди аслида. 30 июль БМТ томонидан “Халқлар дўстлиги” куни сифатида белгиланган. Халқлар дўстлиги шунчаки декларатив протоколлар эмас, чин маънодаги туркий ўзликка қайтиш. Ҳолбуки, Марказий Осиё мамлакатлари 1994 йилдаёқ “Абадий дўстлик шартномаси”ни имзолашганди, аммо яқин ўтмишда дўстларни тиканли симлар, виза ва нифоқлар ажратиб келди. Илоё, биродарларимиз билан ҳамжиҳатлигимиз абадий бўлсин!”, дейди Ташанов.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг норасмий саммитига уланиб кетди. Давлат раҳбарлари биргаликда гольф ўйнади, турмуш ўртоқлари билан маданий тадбирларда иштирок этди, Баку меҳмонхонасини очиб берди. Қатор келишувлар имзоланди, мулоқот қилинди, асосийси Чўлпонота самимий мулоқот майдонига айланди. Қирғизистондаги навбатдаги ушбу йиғин расмиятчиликдан кўра илиқ ва дўстона муносабатларни намоён этиш, биргамиз, бирдаммиз деган мессежни бериш, Марказий Осиё ўз муаммоларини ўзи ҳал қила оладиган даражага етиб келганини гольф ўйинида тушилган суратлар орқали намойиш этишдек вазифани бажарди, бизнингча.
Россия Президенти Владимир Путин эса тугаётган ҳафтада ҳукуматга Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни ўзгартириш бўйича музокараларни бошлашга рухсат берди. Амалдаги шартномалар ушбу мамлакатларга Россия қурол-яроғини сотишнигина эмас, балки ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни ҳам тартибга солади. Бундай маҳсулотлар қаторига қурол-яроғ ва ҳарбий техника, ишлар ва хизматлар, ҳарбий-техник ахборот, технологиялар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек, конструкторлик, техник, технологик ва фойдаланиш ҳужжатлари киритилган. Келишувлар қурол-яроғларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, биргаликдаги тадқиқот ва ишланмалар, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.
Хўш, бу шартнома нимани англатади ва уни ўзгартиришга нима учун эҳтиёж бор? Бу ҳақда алоҳида кўрсатув тайёрлаганмиз, уни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Гулнора Каримова ишида янги қарор: Швейцария судида нималар бўлди?
Швейцария суди Lombard Odier хусусий банкини пул ювишнинг олдини ололмагани учун 3 миллион швейцария франки (3,68 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди, аммо Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёнини тўхтатди.
Швейцария прокурорлари Каримовани пора олишда ҳамда 2005 ва 2013 йиллар оралиғида Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларига юзлаб миллион доллар ўтказган “Офис” деб номланган жиноий ташкилотни бошқаришда айблаган эди.
Женевада жойлашган Lombard Odier ва унинг собиқ ходими Каримованинг эҳтимолий жиноий фаолиятидан олинган даромадларни яширишга имкон яратганликда айбланган. Суд жараёни жорий йилнинг апрель ойида бошланган эди.
Суд ўз баёнотида Lombard Odier банкини пул ювишнинг олдини олиш учун “барча оқилона ва зарур ташкилий чораларни кўрмагани” учун жаримага тортганини ҳамда 400 миллион франкдан ортиқ активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганини маълум қилган.
Суд Lombard Odier банкининг фақат “C.” исми билан кўрсатилган собиқ ҳисоб-китоб менежерига 24 ойлик шартли қамоқ жазосини тайинлаган.
Lombard Odier баёнотига кўра, ушбу иш банкнинг ўзи 2012 йилда Швейцария расмийларига шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар берганидан сўнг бошланган. Банк ўша вақтда мустаҳкам ички назорат ва пул ювишга қарши тартиб-қоидаларга эга бўлганини маълум қилган ва суд қарори устидан шикоят қилишини билдирган.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 54 ёшли қизи Каримова ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни рад этган.
Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган. Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазони ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.
Йиллар давомида қидирилган криминал авторитет–“Жора Ташкентский” ушланди
Жиноят оламида “Вор в законе” сифатида танилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида кўплаб жиноятларни содир этган “Жора Ташкентский” қўлга олинди.
Асл исми Сорокин Георгий Николаевич бўлган бу киши 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У спорт устаси бўлган. Сорокин илк жиноятини 1990 йилда 18 ёшида содир этиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 1990 йилдан буён Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон ҳамда бошқа давлатларда содир этган жиноятлари учун судланиб, жазони ижро этган.
Кейинчалик ушбу шахс босқинчилик, талончилик, товламачилик, ноқонуний қурол ва гиёҳванд модда сақлаш каби бир қанча жиноий қилмишларда айбдор деб топилган. Шунингдек, Сорокиннинг ёнида қалбаки Россия фуқаролиги паспорти борлиги бўлиб, ушбу паспортдан фойдаланиб, йиллар давомида бир қанча давлатлар бўйлаб ҳаракатланган.
2021 йил Тошкент шаҳрида “Жора Ташкентский” жиноий шериклари Жумаев, Жўраев ва бошқа шахслар билан тил бириктириб, умумий қиймати 350 минг АҚШ долларига тенг бўлган иккита уйни ўзлаштириб олган. У товламачилик йўли билан уй эгасини қўрқитиб, уриб-дўппослаб, оила аъзоларига зўрлик ишлатиб, хонадонларни шерикларининг номига расмийлаштирган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) учинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. У Миср давлатида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Live
Барчаси