Ўзбекистонда электр истеъмоли рекорди янгиланди

Жамият

image

Ўзбекистонда кузатилаётган кучли жазирама фонида электр энергияси истеъмоли бўйича ёзги мавсумнинг янги рекорди қайд этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 13 июль куни мамлакатда бир суткада 281,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шу куни истеъмол ҳажми эса 278,6 миллион киловатт-соатни ташкил этган.

Мазкур кўрсаткич аввалги ёзги рекорддан 6 миллион киловатт-соат ёки 2,2 фоизга юқори бўлган. Бунгача энг юқори суткалик истеъмол 2025 йил 18 июль куни қайд этилган бўлиб, ўшанда мамлакат бўйича 272,6 миллион киловатт-соат электр энергияси сарфланган.

Вазирликка кўра, яқин кунларда ҳаво ҳароратининг янада кўтарилиши сабабли электр энергияси истеъмоли ва энергетика тизими юкламаси бўйича янги рекордлар қайд этилиши мумкин. Шу муносабат билан энергетика корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилган.

Шунингдек, айрим ҳудудларда электр тармоқларидаги авариялар сабаб электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Энергетика вазирлиги фуқароларни электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишга, айниқса энг юқори юклама соатларида зарур бўлмаган электр жиҳозларини ўчириб туришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Жазирама сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёзнинг иссиқ кунларида аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берди.

Шунингдек, жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар, Хоразмдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда Навоий вилоятидаги айрим боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг