Навоийдаги боғчалар ҳам вақтинчалик ёпилди

Жамият

image

Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ сабабли Навоий вилоятидаги айрим боғчалар вақтинчалик ёпилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий ҳафта давомида Навоий вилоятида ҳаво ҳароратининг 44-45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан, туман (шаҳар) ҳокимларининг фармойишига асосан қуйидаги ҳудудлардаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти вақтинча тўхтатилади:

  • Учқудуқ тумани – 2026 йил 14 июлдан 17 июлгача; 
  • Нурота тумани – 2026 йил 14 июлдан 17 июлгача; 
  • Томди тумани (2-, 4-, 5-сон давлат мактабгача таълим ташкилотлари) – 2026 йил 14 июлдан 17 июлгача; 
  • Конимех тумани (1-,2-,3-,4-,5-,6-,7-,8-,9-,10-,11-,13-,14-,15-,16-,17-сон давлат мактабгача таълим ташкилотлари) — 2026 йил 14 июлдан 17 июлгача.

Билдирилишича, вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида санитария-гигиена талаблари ҳамда зарур шарт-шароитлар юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра қўшимча ахборот тақдим этилади.

“Мазкур қарор мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини аномал иссиқнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, давлат мактабгача таълим ташкилотлари 2026 йил 20 июль (душанба) кунидан бошлаб одатий тартибда ўз фаолиятини давом эттиради.

“Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратишингизни, куннинг энг иссиқ вақтларида уларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт бўлишига йўл қўймаслигингизни, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилишини таъминлашингизни ҳамда шифокорлар тавсияларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Жазирама сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама ёз кунларида аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берди.

Шунингдек, жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилиши белгиланди. Кейинроқ эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу чоралар Ўзбекистондаги барча ҳудудларда жорий қилинишини маълум қилди. Шундан сўнг Хоразмда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши белгиланди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг