Ўзбекистон ва унинг икки қўшнисида сув тошқини ҳақида огоҳлантириш тизимлари ўрнатилади
Жамият
−
10 Июнь
10916Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) иштирокида сув тошқини ҳақида огоҳлантириш тизимлари ўрнатилади. Бу ҳақда UNESCO бош директори Одри Азуле Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган “Барқарор ривожланиш учун сув” юқори даражадаги халқаро конференцияда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, UNESCO’нинг илмий ваколатлари доирасидаги мақсадларидан бири аҳолининг музликларнинг эришига қанчалик заиф эканлигини аниқлашдир. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ёзида “Қозоғистондаги Талгар дарёси ҳавзасида, Ўзбекистондаги Псем дарёси ҳавзасида, шунингдек, Қирғизистондаги Олой водийсида сув тошқини ҳақида эрта огоҳлантириш тизимлари ўрнатилади”.
“Биз бу тизимни Тожикистонда ҳам жорий этишни режалаштирганмиз”, дейди у.
Азуле ўз нутқи давомида UNESCO’нинг 2022 йилдаги ҳисоботини ҳам эслади, унда 2050 йилга бориб ташкилотнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларнинг учдан бирида музликлар йўқолиб кетиши кўрсатилган.
"Аммо биз ҳали ҳам ўз ролимизни ўйнашимиз ва қолган учдан икки қисмини ҳимоя қилишимиз мумкин, чунки бу музликлар инсониятнинг умумий мероси. Шунинг учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак", дейди у.
Шунингдек, Азуле Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга музликларни сақлаш муаммосини дунёда юқори даражада муҳокама қилиш учун кўтаргани учун миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, 10-13 июнь кунлари Душанбе шаҳрида “2018-2028 йиллар учун барқарор ривожланиш учун сув” конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ давлатдан сиёсатчилар, олимлар, экспертлар ва вакиллар иштирок этмоқда.