Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари олий мукофотлар билан тақдирланди
Жамият
−
21:25 659 3 дақиқа
Бугун, 23 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилган.

Ўзбекистон раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Озарбайжон Президентининг қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлаган.
“Сиз улуғ отангиз – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилган. Икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари қарор топишида айнан унинг ўрни беқиёс.
Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти юксак эътироф учун мамлакат етакчиси ва халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланган.
Мукофотни давлат раҳбарига Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топширган.
Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Президенти ва қардош Озарбайжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлаган.
“Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини Ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбайжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилган.
Маълумот учун, “Ҳайдар Алиев” орденига турли йилларда Франция Президенти Жак Ширак, Қувайт Амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Италия Президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Тошкентга келган эди. Ташриф доирасида Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзолади.
Live
Барчаси22 август
Чиноздаги “дом”лардан бирида ёнғин чиқди
22 август