Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Корея Президенти қабулида бўлди
Жамият
−
04 Ноябрь
2374Бугун, 4 ноябрь куни Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида “Марказий Осиё – Корея Республикаси” ҳамкорлик форумида Ташқи ишлар вазирларининг 17-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди. Вазирлар Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда вазир Саидов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
“Ҳамкасбларимиз билан бирга Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Жаноби Олийлари томонидан қабул қилинганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари номидан энг самимий тилакларимизни етказдик. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг азалий ва алоҳида стратегик шеригидир. Раҳбарларимиз мисли кўрилмаган суръат билан ривожланиб бораётган кенг қамровли муносабатларимизда янги саҳифа очдилар”, дейди Бахтиёр Саидов.
Ҳамкорлик форуми доирасида таъминот занжири, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, туризм ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида юзма-юз ва виртуал форматда тўртта мавзули сессия бўлиб ўтди. Учрашувда кун тартибидаги муҳим масалалар, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича Ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти ҳамда “Марказий Осиё – Корея Республикаси ҳамкорлик форуми” котибиятининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси қабул қилинди.
“Бугунги кунда Марказий Осиё дунёдаги энг тез ривожланаётган минтақалардан биридир. Биз умумий фаровонликка қаратилган масалаларда атрофлича фикр алмашдик. Экологик чақириқларга қарши курашиш, узлуксиз етказиб бериш занжирларини ишончли таъминлаш, муҳим қазилма материалларни қайта ишлаш, рақамлаштириш, туризм ва шу каби соҳаларда янги ташаббус ва ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдик. Буларнинг барини амалга ошириш учун улкан салоҳият ва реал имкониятлар мавжуд”, дейди Саидов.
Шунингдек, у кореялик мавқедоши Чо Тхе Ёль билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Корея Республикаси Президентининг жорий йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган мулоқоти юқори технологиялар, инновацион иқтисодиёт, “яшил” энергетика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада фаол ҳамкорликка йўл очганини қайд этилди. Мамлакатлар ўртасидаги барча келишувларни рўёбга чиқариш, айниқса, иқтисодий соҳада янги комплекс лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, минтақавий ва халқаро миқёсдаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
LiveБарчаси