Ўзбекистон Россиядан кўпроқ газ олишни муҳокама қиляпти
Жамият
−
01 Ноябрь 2023
5947Россия газининг Ўзбекистонга транзити барқарор, томонлар республикага янги газ етказиб беришни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда ТАСС.
“Кундалик ҳажмлар, шартнома мажбуриятлари бажарилмоқда, ҳеч қандай муаммо йўқ”, деган вазир.
Шу билан бирга, қайд этилишича, Ўзбекистон ва “Газпром” асосан куз-қиш мавсумининг энг юқори чўққисига мўлжалланган бўлажак етказиб бериш ҳажмларини муҳокама қилмоқда.
Мирзамаҳмудов, иқтисодий ривожланишни ҳисобга олган ҳолда [янги етказиб бериш] кўриб чиқилиши ва ҳисоб-китоб қилинишини билдирган.
“Биз нефтни қайта ишлаш ўсишини ҳисобга олган ҳолда нефть устида ҳам ишлаяпмиз, лекин бу ерда истеъмолчи компаниялар даражасида кўпроқ иш олиб борилмоқда. Биз нефтни ҳам, нефть маҳсулотларини ҳам импорт қиламиз ва буни кенгайтиришга тайёрмиз”, дея изоҳ берган вазир.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Ҳужжатни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов имзолаган.
Форумда сўз олган Миллер ҳозирда Россиянинг “Газпром” компанияси ва Қозоғистон Остона шаҳрини газлаштириш учун етказиб бериш йўналиши устида ишлаётгани, компания Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги йўналишлар ва Бухоро-Урал газ қувурини ҳам кўриб чиқаётганини билдирган.
Шунингдек, унинг айтишича, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.
LiveБарчаси