Ўзбекистон Латвияга янги элчи тайинлади
Жамият
−
13 Март
3740Темур Раҳмонов Ўзбекистоннинг Латвиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. У бугун, 13 март куни Ригага етиб борди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Темур Раҳмонов 2021 йилдан шу пайтгача Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консул лавозимида ишлаган. Унинг консуллик округига Россиянинг Сибир федерал округи кирган.
46 ёшли дипломат рус, инглиз, поляк ва испан тилларини мукаммал билади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. ТИВ тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Ўтган йиллар давомида у вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Польша, Италия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган. 2017–2018 йилларда эса Ташқи ишлар вазирлигининг Урганч шаҳри ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Хоразм вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Маълумот учун, Темур Раҳмонов Ўзбекистоннинг Латвиядаги дипломатик миссияси раҳбари (2019–2024) ҳамда Литва (2021–2024), Эстония (2020–2024) ва Финляндиядаги (2020-2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида) сифатида ишлаган Қадамбой Султонов ўрнига тайинланди.