Ўзбекистон коронавирусни даволашда ўлим хавфини оширувчи “Гидроксихлорохин” дорисидан воз кечган
Жамият
−
22 Июль 2020
9810Ўзбекистон коронавирус беморларини даволашда “Гидроксихлорохин” дори воситасидан воз кечди. Бу ҳақда “Tez yordam” кўрсатувида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вакили Клара Ёдгорова маълум қилди
“Пандемия аввалида коронавирусни даволаш учун аниқ дори воситаси йўқ эди. Шунда хлорохин, гидроксихлорохин, азитрамицин кабиларни қўллаш бошланди. Ўрганишлар натижасида олимлар бу дориларнинг нафақат самара бермаслиги, балки беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашди”, дейди Ёдгорова.
Шу сабабдан Ўзбекистонда 13 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилган қўлланмада гидроксихлорохин олиб ташланган. Аммо шу дори уйда даволанаётган беморларга тарқатиладиган дорилар тўпламига киритилганича қолмоқда.
“Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасалари – ССВ тизимидаги шифохоналар ҳам, хусусий шифохоналар ҳам охирги тасдиқланган даволаш қўлланмасига риоя қилган ҳолда иш кўриши шарт. Ўйлайманки, республика махсус комиссияси янги қўлланмага асосланган ҳолда бепул тарқатиладиган дорилар тўпламини қайта кўриб чиқиб, бу дорини тарқатишни тўхтатади”, дея фикр билдирди Клара Ёдгорова.
Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан касалликдан уйида даволанаётган коронавирус беморларига дориларни бепул етказиб бериш белгиланди.
Республика махсус комиссияси қарори билан дорилар тўпламига “Гидроксихлорохин”, “Азитромицин”, “Парацетамол”, “Витамин С” каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда киритилган. Дориларни қандай қабул қилиш билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси