Ўзбекистон қандай халқаро ҳужжатларни ратификация қилишни режалаштирган?

Жамият

“Келгусида Халқаро меҳнат ташкилотининг 7 та конвенциясини ратификация қилишни режалатирганмиз. 3 таси бўйича амалий ишлар бошланган. Ҳар бир конвенцияни ўрганиш, ратификация қилиш вақт ва меҳнат талаб қилади. Ратификация қилиш натижасида Ўзбекистонда мавжуд бу борадаги бир нечта қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади. Бу вазирлик ва бир қанча ташкилотлар мутахассислари томонидан ўрганилиши лозим бўлган мукаммал жараён ҳисобланади ва бу босқичма-босқич амалга оширилади”, дейди вазир Нозим Ҳусанов.

Кеча, 5 февраль куни “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов QALAMPIR.UZ сайтига Халқаро меҳнат ташкилотининг келгусида ратификация қилиниши режалаштирилган конвенциялари хусусида маълумотларини улашди. Шунингдек, ўтказилган давра суҳбатида меҳнатга оид муносабатларда Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ишлар халқаро ҳамжамият аъзолари томонидан эътироф этилганини таъкидлади.

“Вазирлик ХМТнинг Ўзбекистондаги вакиллари билан ҳамкорликда кўп йиллардан бери меҳнат соҳасини яхшилаш борасида фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунгача ХМТнинг 17 та конвенцияси ва 2 та протоколи Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган. Энг асосий конвециялари биз томонимиздан ратификация қилинган. Бугунги тадбирда буни ўзлари ҳам таъкидлашмоқда”, дея эътироф этди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.

Эслатиб ўтамиз, тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрезер, Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Ҳайнц Коллер, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Стрипрайс, АҚШ Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм,  Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфелд, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливье Шав, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ва бошқа нуфузли меҳмонлар қатнашганини хабар қилгандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Нозим Ҳусанов Ратификация

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг