Мажбурий меҳнат бўлмаса, Ўзбекистон пахтасини ким терди?
Жамият
−
05 Февраль 2020
11452“2019 йилги мажбурий меҳнат ҳолатларини фуқаролик жамияти аъзолари ва журналистлар фаол ёритди. Ҳукумат журналистлар ва блогерларни мажбурий меҳнат ҳолатларини танқидий ёритишга чақирди”, дейилади Халқаро меҳнат ташкилотининг 2019 йил бўйича берган ҳисоботида.
Бугун, 5 февраль куни Тошкентда “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиллари, Халқаро миграция ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, UNICEF, UNESCO, дипломатик корпус вакиллари, “Cotton Campaign” халқаро коалицияси аъзолари қатнашди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси Йонас Аструп ХМТнинг кузатув ҳисоботларини очиқлади. Унга кўра, 2015 йилда пахта териш кўрсаткичи 3,36 миллион тоннани ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 2,08 миллион тоннага камайган. Бунда пахта далалари бошқа экинларга бўлиб берилгани ёки ажратилгани ҳисобига кескин камайган.
2015 йилда пахтага чиққан аҳоли сони 3,4 миллионни (шундан 448 минг нафари мажбурий тарзда жалб қилинган) ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб бу рақамлар 1,75 миллионга камайган (юқоридаги кўрсаткич ҳам, ўз навбатида, 102 мингга камайган).
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўтказган яна бир мониторинг натижаларига кўра, пахта теришга ҳақ тўлаш тизими анча яхшиланган. 2019 йилда теримчилар терган пахтасига пулни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда олган. Ҳар бир теримчи ўртача 23 кун пахта терган ва ўртача 2,2 миллион сўм меҳнатига ҳақ олган.
2015 йилда мажбурий меҳнат 14 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 5,9 фоизга камайган. Ўз ўрнида 2015 йилда 1 килограмм пахтага 200 сўм тўланган бўлса, 2019 йилга келиб бу рақамлар килограмига 800-1400 сўмгача кўтарилган.
Ташкилот томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 33 фоиз иштирокчи 2019 йилда ўтказилган пахта йиғим теримидаги шароит 2018 йилга нисбатан яхшиланган деса, 3 фоиз иштирокчилар шароит аввалги йилга нисбатан ёмонлашганини билдирган. Теримчиларнинг 59,3 фоизи аёллар, 40,7 фоиз эркакларни ташкил қилган. Теримчиларнинг 24,5 фоизи шаҳардан жалб қилинган.
LiveБарчаси