Рубоб чалиш санъати UNESCO'нинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Жамият

image

Рубоб ясаш ва чалиш санъати UNESCO томонидан Инсоният номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2-7 декабрь кунлари Парагвай пойтахтида UNESCO'нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессияси бўлиб ўтмоқда. 

Кеча, 4 декабрь куни Ҳукуматлараро қўмита йиғилишида Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари билан биргаликда “Рубоб ясаш ва чалиш санъати” номинацияси барча аъзо мамлакатларнинг бир овоздан розилиги билан Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилган.

Қўмита қарорида рубоб Марказий, Жанубий ва Жанубий-Ғарбий Осиёдаги энг қадимий чолғу асбобларидан бири эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, рубоб Марказий Осиё минтақаси халқларини бирлаштирувчи омил экани таъкидланган. 

“У маданий ва ижтимоий ҳамжиҳатликни рағбатлантиради ва маданий алмашинув ҳамда бирдамликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Бу санъат турининг ҳам сифатли таълим, гендер тенглиги, инклюзив иқтисодий ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши мамнуният билан қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Қўмита ташаббускор мамлакатларда рубоб ясаш ва чалиш санъатини миллий ва халқаро миқёсда асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ва янада оммалаштириш бўйича кўрилаётган ҳамда режалаштирилган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолаган.

“Рубоб ясаш ва чалиш санъати Ўзбекистон ташаббуси билан UNESCO’нинг Инсоният номоддий маданий мерос Репрезентатив рўйхатига киритилган 16-элементи бўлди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNESCO қозоқларнинг “Беташар” маросимини номоддий маданий мерос рўйхатига киритгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

UNESCO Рубоб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг