113 мамлакат таълимдан кўра кўпроқ қарз тўлашга пул ажратяпти – UNESCO
World
−
10 July 3088 3 minutes
БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) ҳукуматлар ва халқаро молиявий ташкилотларни таълимни молиялаштириш инқирозини юмшатиш мақсадида таълим учун қарзни алмаштириш механизмидан кенгроқ фойдаланишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни UNESCO Парижда бўлиб ўтган глобал таълим саммитида қарзни алмаштириш бўйича янги тавсияларини тақдим этди.
Ташкилотнинг қайд этишича, ушбу механизм қарз юки оғир бўлган мамлакатларга чекланган молиявий ресурсларни мактаблар, ўқитувчилар тайёрлаш ва ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш имконини беради.
Таълим учун қарзни алмаштириш механизми мамлакатларга юқори фоизли қарзларни қайта молиялаштириш ёки сотиб олиш ва шу орқали тежалган маблағларни таълим соҳасига йўналтириш имконини яратади.
Сўнгги вақтларда Жаҳон банки ҳам бундай келишувларни қўллаб-қувватлай бошлаган. UNESCO икки томонлама ҳамкорлик мисолларини ҳам келтирган. Жумладан, 2023 йилда Франция ва Кот-д'Ивуар ўртасида тузилган келишув мамлакатда 30 дан ортиқ мактаб қурилишини молиялаштиришга ёрдам берган. Испания ва Перу ўртасидаги дастур эса ўн йил давомида 50 та таълим лойиҳасини молиялаштирган.
UNESCO мурожаати таълим бюджетларига босим ортиб бораётганини кўрсатувчи янги тадқиқотлар фонида янгради. Ташкилот маълумотларига кўра, 6,1 миллиард аҳоли истиқомат қиладиган 113 та давлат қарзларга хизмат кўрсатиш учун таълимдан кўра кўпроқ маблағ ажратмоқда. Даромади паст мамлакатларда давлат қарзларига тўловлар таълим харажатларидан қарийб тўрт баравар юқори. Энг катта қарз юкига эга бўлган 18 та мамлакатда эса бу кўрсаткич таълим бюджетидан камида беш бараварга ошган.
UNESCO, шунингдек, таълим соҳасига халқаро ёрдам қисқараётганидан ҳам огоҳлантирган. Ташкилотнинг Global Education Monitoring Report ҳисоботига кўра, 2023-2027 йиллар оралиғида таълимга ажратиладиган глобал ёрдам ҳажми 30 фоизгача камайиши мумкин.
2024 йилда таълим соҳасига ажратилган халқаро ёрдам ўтган йилга нисбатан 8 фоизга қисқарган. Бошланғич таълимни молиялаштириш эса 15 фоизга камайган. Даромади паст ва ўртадан паст мамлакатлар 2023 йилда олган таълим ёрдамининг аллақачон 21 фоизини йўқотган. Афғонистон, Либерия, Мали ва Нигерда бу қисқариш 40 фоиздан ошган.
UNESCO маълумотларига кўра, таълимнинг умумий ривожланиш ёрдамидаги улуши 2024 йилда 7,5 фоизни ташкил этган бўлиб, бу сўнгги йигирма йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Ташкилот ҳисоб-китобига кўра, даромади паст ва ўртадан паст мамлакатларда таълимни молиялаштириш бўйича йиллик етишмовчилик 97 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
“Таълим – мамлакатлар амалга ошириши мумкин бўлган энг қудратли инвестициядир, аммо у мунтазам равишда етарли даражада молиялаштирилмаяпти”, деган UNESCO Бош директори Халид ал-Энаний.
У таълимни молиялаштиришнинг инновацион механизмларини кенгайтириш учун сиёсий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирган.
Ушбу хулосалар БМТнинг 2030 йилгача барча учун инклюзив ва сифатли таълимни таъминлаш мақсадида эришилган натижаларни баҳолаш учун вазирлар, тараққиёт банклари ва халқаро ташкилотлар вакилларини жамлаган Transforming Education Summit+4 саммитида эълон қилинган.
Live
All