Гаитидаги жиноятчиларнинг ярми болалар – UNICEF
Олам
−
25 Ноябрь
527Гаитида қуролли гуруҳлар томонидан ёлланган болалар сони бир йил ичида 70 фоизга кўпайди. Бу ҳақда UNICEF ҳисоботида маълум қилинган.
Гаитида сиёсий беқарорлик бир неча ўн йиллар давомида кузатилган, аммо сўнгги ойларда бу мамлакатда зўравонлик авж олган. Ҳозирда тўдалар пойтахт Порт-о-Пренснинг 80 фоизини назорат қилмоқда.
“2023 ва 2024 йилларнинг иккинчи чораклари ўртасида қайд этилган мисли кўрилмаган ўсиш зўравонликдан азият чеккан Кариб денгизи оролидаги болаларни ҳимоя қилиш инқирозининг кучайганидан далолат беради”, дейилган UNICEF баёнотида.
UNICEF болаларни ёллашнинг кучайишини зўравонликнинг кучайиши, кенг тарқалган қашшоқлик, таълимнинг етишмаслиги ва муҳим инфратузилманинг деярли бутунлай йўқ қилиниши билан изоҳлаган. Қолаверса, ташкилот томонидан ҳозирда қуролли гуруҳлар аъзоларининг ярми болалардан иборатлиги ҳам таъкидланган.
UNICEF ижрочи директори Кетрин Расселл ушбу баёнотга қўшимча муносабатини билдирган.
“Гаитидаги болалар аянчли циклга тушиб қолишди – улар ўзларининг умидсиз аҳволига ҳисса қўшадиган қуролли гуруҳларга жалб қилинмоқда ва уларнинг сони ортиб бормоқда”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, 4 октябрь куни марказий Гаитида қуролли тўда ҳужуми оқибатида 70 киши ҳалок бўлганди. Улар орасида уч нафар чақалоқ ҳам бўлган. Қайд этилишича, ҳужум оқибатида камида 16 киши, жумладан, икки тўда аъзоси Гаити полицияси билан отишма чоғида жиддий жароҳат олган. Улар камида 45 уй ва 34 автомобилни ёқиб юборган. Зўравонлик туфайли 6 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси