Ўзбек-қозоқ чегарасини демаркациялаш бўйича қонун ратификация қилиниши кутиляпти
Жамият
−
23 Июнь 2023
5396Бугун, 23 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғриси”даги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун маъқулланди.
Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ва вақт синовидан ўтган стратегик шериклар эканини айтган.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан унинг 2022 йил 21 декабрь куни Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзолангани билан алоҳида аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланган.
Шартномага кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Давлат чегарасининг демаркация қилинган чизиғи узунлиги 2356 километрдан ортиқни ташкил қилган.
Шартнома билан Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланди ҳамда чегара хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун энг муҳим шарт-шароитлар кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.
LiveБарчаси