Ўшда Навоийга ҳайкал қўйилди
Олам
−
05 Июль 4418 1 дақиқа
Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги боғда туркий халқлар шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг янгиланган ҳайкали тантанали очилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Нашрга кўра, маросимда Ўш шаҳри ҳокими Женишбек Токторбаев, шаҳар кенгаши раиси Болот Баетов, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, шунингдек, шаҳар аҳолиси ва маданий жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

Маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан янгиланган ҳайкал қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида баҳоланмоқда. Ташкилотчиларнинг айтишича, лойиҳанинг мақсади – умумий маданий меросни сақлаб қолиш ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
“Алишер Навоий – бутун туркий-мусулмон цивилизациясининг асосий сиймоларидан биридир. Унинг ижоди бирлаштиради. Бугунги кунда маданият халқлар ўртасидаги кўприк экани ҳақида эслатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, деди шаҳар ҳокими ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Ўшнинг марказий майдонида Владимир Ленин ҳайкали демонтаж қилинган эди. Бир қатор ОАВлар бу ҳаракатни тарихга боғлаб, “дўстлик боғичининг узилиши” дея изоҳлаганди. Лениннинг ушбу ҳайкали Марказий Осиё ва бутун дунёдаги энг баланд ҳайкаллардан бири бўлиб, унинг баландлиги 25 метр эди. Ҳайкал 1975 йилда ўрнатилган.
Live
Барчаси