Ўрта ер денгизида навбатдаги фожиа: 53 мигрант бедарак йўқолди
Олам
−
09 Февраль 2196 1 дақиқа
Ливия қирғоқлари яқинида муҳожирларни олиб кетаётган резина қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 53 нафар киши ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) хабар берди.
Маълум қилинишича, қайиқ жорий йилнинг 6 февраль куни Ливиянинг Зувара шаҳри шимолида чўкиб кетган. Унда жами 55 нафар мигрант бўлган. Қидирув-қутқарув ишлари давомида фақат Нигерия фуқароси бўлган икки нафар аёл қутқариб қолинган.
Омон қолган аёллардан бирининг айтишича, ушбу фожиада турмуш ўртоғини йўқотган. Иккинчи аёл эса икки нафар фарзанди ҳалок бўлганини маълум қилган.
Расмийларнинг билдиришича, яроқсиз ҳолатда бўлган қайиқ 5 февраль куни кечаси Ливиянинг Аз-Завия шаҳридан йўлга чиққан ва тахминан олти соат ўтгач ағдарилиб кетган.
Ташкилот маълумотларига кўра, биргина январь ойининг ўзида Ўрта ер денгизи ҳудудида камида 375 нафар мигрант ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўрта ер денгизида қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 50 нафар мигрант ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси