Ун нархининг ошишига Ўзбекистон сабабчи – қирғизистонлик депутат
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
29616Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жусупбек Коргонбай уулу мамлакатда ун нархининг кўтарилишига Ўзбекистон сабабчи эканини айтди. Бу ҳақда “24kg” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 19 сентябрь куни пойтахт Бишкек шаҳрида конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва Жогорку Кенеш регламенти қўмитаси мажлиси бўлиб ўтган. Унда депутат Жусупбек Коргонбай уулу ун нархининг ошиб бораётгани айрим қонунчилик масалаларидан кўра муҳимроқлигини айтган.
“Нон 35-40 сомга қимматлашди. Нега буни назорат қилмайсиз? Ун масаласи байроқ ва гербдан муҳимроқ. Ўзбекистонга ун экспорт қилинади. Ўзимизда эса омборлар бўш. Бу масала билан ҳам шуғулланинг”, деган депутат.
Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси ўринбосари Ойбек Мамиралиев бунга жавобан импорт қилинадиган товарлар нархи ошганини айтган. У буни Қозоғистондан етказиб берилаётган ун миқдорининг камайгани ва қозоғистонлик тадбиркорлар Қирғизистон томонига етарлича маҳсулот жўнатмаётгани билан изоҳлаган.
“Биз аграр давлатмиз. Нега ўзимизни нон билан таъминлай олмаймиз. Бизнинг ерларимиз йўқми?” дея эътироз билдирган Коргонбай уулу.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 август куни Қозоғистон Ташқи савдо сиёсати бўйича идоралараро комиссияси Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан буғдойни автомобиль йўли билан олиб киришга қўйилган тақиқни яна олти ойга узайтирган эди. Бунинг ортидан кўплаб МДҲ мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонда ҳам ун нархи сезиларли даражада қимматлаганди.
LiveБарчаси