Умрага борувчилар учун менингитга қарши вакцина талаби бекор қилинмаган – Санэпидқўмита
Жамият
−
12 Февраль 3432 2 дақиқа
Аввалроқ, Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Умра зиёратига борадиганлардан эндиликда менингитга қарши эмланиш талаб этилмаслиги ҳақида эълон қилган эди. Бироқ Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси бу талаб бекор қилинганини рад этди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони Қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йилнинг декабрь ойида 2025 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж амалларини бажариш учун борадиган барча зиёратчиларнинг менингит инфекциясига қарши эмланганлик тўғрисидаги ҳужжати бўлиши шартлигини талаб қилувчи меъёрий ҳужжат чиқарган.
“Сўнгги пайтларда эса аҳоли ўртасида ҳамда ижтимоий тармоқларда “Ҳаж ва Умра зиёратларига боришида менингитга қарши вакцина олиш керак, дейилган қарор бекор қилинди, энди вакцина олмасдан Умрага борсангиз бўлади” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда. Санэпидқўмита ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, Саудия Арабистони Умра ва Ҳаж зиёратларига борувчиларда менингит касаллигига қарши эмланганлик ҳақида ҳужжат бўлиши зарурлигини, расман бекор қилмаганлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистонда юқумли касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги 2025 йилги Ҳаж мавсумида болаларнинг зиёратчиларга ҳамроҳ бўлишини тақиқлаган эди. Ушбу қарор болаларни ҳар йили содир бўладиган кучли оломон билан боғлиқ хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Live
Барчаси