Украинага Польшадан қирувчи самолётлар етиб келди
Олам
−
03 Апрель 2023
7375Польша аввалдан ваъда қилинган МиГ-29 қирувчиларининг биринчи партиясини Украинага топширишни якунлади. Бу ҳақда Польша Президентининг халқаро алоқалар бўйича бошқармаси раҳбари Марчин Пшидач RMF FM радиосига берган интервюсида маълум қилди.
“Мендаги маълумотларга кўра, самолётлар юбориш жараёнининг биринчи қисми аллақачон якунланган. Ҳозирда Украинани кейинги қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетмоқда”, деган Пшидач.
Маълумот учун, Польшада 28 та МиГ-29 қирувчи самолёти бор. Улар Мальборк шаҳридаги авиабазада жойлашган. Жорий йилнинг март ойи ўрталарида Польша Президенти Анжей Дуда яқин орада Украинага тўртта МиГ-29 самолётини жўнатишга ваъда берган. У қолган самолётларга техник хизмат кўрсатилаётганини таъкидлаб, тайёргарлик тугагач, самолётлар юборишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Польшадан сўнг Словакия ҳам 13 та МиГ-29 қирувчисини Украинага топширишни маъқуллаган эди. Словакия Киевга кўрсатган ёрдами эвазига АҚШ ва Европа Иттифоқидан 900 миллион доллар миқдорида компенсация олиши маълум бўлганди. Польша ҳам Украинага бераётган МиГ-29 нинг ўрнини Британия самолётлари билан тўлдириши айтилган. Шунингдек, Киевга кўрсатаётган умумий ёрдами учун Варшава Европа тинчлик жамғармасидан 43 миллион евро олган ва яна 240 миллион евро олиш ниятида экани маълум бўлган эди.
LiveБарчаси