Украинадаги уруш бўйича Трамп ва Байденнинг гапи бир жойдан чиқди
Олам
−
14 Апрель 2022
13844АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Украинада содир бўлаётган воқеаларни геноцид деб атади. У бу гапларни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Украинада содир бўлаётган воқеаларни томоша қилиш жуда ачинарли. Украинада содир бўлаётган воқеалар — бу геноцид. Одамлар ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган”, дейди Трамп.
Интервью давомида телебошловчи Трампга АҚШдаги 41 йиллик рекорд даражадаги инфляцияни муҳокама қилишни таклиф қилди. Бунга жавобан собиқ Президент АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденнинг сиёсати инфляциянинг бундай юқори даражасига олиб келганини айтди.
Трампнинг сўзларига кўра, унинг президентлик даврида “дунё тарихидаги энг юқори иқтисод” яратилган, бироқ Байден лавозимга келганидан кейин ҳаммаси ўзгарган.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Украинадаги вазиятни геноцид деб атади. Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Байденнинг сўзлари унинг шахсий фикри ва Украинадаги вазиятга қарашини акс эттиришини тушунтирди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Президентининг баёноти тинчлик музокаралари истиқболига путур этказа олмайди ва АҚШнинг вазиятни ҳал қилиш бўйича позициясига таъсир қилмайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь