Украинадаги хориж қўшинлари Россия учун қонуний нишон бўлади – Путин

Олам

image

Украинага кириши мумкин бўлган хориж қўшинлари Россия зарба бериши учун қонуний нишон бўлади. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида сўз очди.

“Агар қўшинлар пайдо бўлса, айниқса, ҳозир, биз буни зарба бериш учун қонуний нишон деб ҳисоблаймиз. Агар узоқ муддатли тинчлик бўйича қарорлар қабул қилинса, уларнинг бу ерда бўлишининг ҳеч қандай маъноси йўқ”, дейди Путин.

Қайд этиш жоиз, мазкур форум доирасида Путин агар Москва шаҳрида учрашув бўладиган бўлса, Россия Украина Президенти Владимир Зеленскийга хавфсизликни 100 фоиз кафолатлашини айтганди. У, шунингдек, Зеленский билан бошқа жойларда учрашув ўтказиш ҳақидаги таклифларни “ортиқча” деб ҳисоблашини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 сентябрь куни Франция пойтахти Парижда Украина Президенти Владимир Зеленский иштирокида “Кўнгиллилар коалицияси” учрашуви бўлиб ўтганди. Учрашувга Франция раҳбари Эммануэль Макрон раислик қилган.

Зеленский иштирокидаги якуний матбуот анжуманида Макрон 26 та давлат Украина ҳудудига қўшин юборишга ёки бу миссияни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат хавфсизлигини денгизда ҳамда ҳавода таъминлаш учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдирганини маълум қилган. Учрашув иштирокчилари АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ҳам суҳбат ўтказиб, музокаралар натижаларини муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг