Украинада ракета ҳужуми қурбонлари 20 нафарга етди
Олам
−
11 Октябрь 2022
5703Кеча, 10 октябрь куни Россиянинг ракета ҳужумлари оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, 108 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати матбуот котиби Александр Хорунжий маълум қилди.
“Ушбу ракета зарбалари пайтида соат 12:00 ҳолатига кўра бизда ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар бор – 20 киши, жароҳатланганлар – 108 нафар”, дейди у журналистларга.
Хорунжий, шунингдек, ракета зарбалари оқибатида жами 205 та объект, жумладан, 45 та уй зарар кўрганини таъкидлади.
Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, бир кун аввал 13 вилоят ва Киевдаги муҳим инфратузилма объектларида 51 та ёнғин содир бўлган. Уларнинг барчаси аллақачон ўчирилган, энергетиклар электр таъминотини тиклаш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди.
Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Ҳужум ортидан АҚШ Жо Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишига ваъда берди.
Шунингдек, Германия Украинага бир неча кун ичида аввал ваъда қилинган тўртта замонавий ўрта масофага мўлжалланган IRIS-T SLM Infra Red Imaging System Tail ҳаво мудофаа тизимидан биринчисини етказиб беради.
Бугун, 11 октябрь куни эрталаб Украинанинг Винница вилоятидаги Ладижин иссиқлик электр станциясига иккита “Shahed-136” камикадзе дронлари билан ҳужум қилинди.
LiveБарчаси