Россия Украинага тинимсиз ракета зарбалари бермоқда
Олам
−
10 Октябрь 2022
18068Россия бугун, 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Киев мэри Виталий Кличкога кўра, пойтахт марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган. Ракеталардан бири Михаил Грушевский ёдгорлиги ёнига қулаган, оқибатда йўлдан ўтган автомобиллар ёниб кетган.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида саккиз киши ҳалок бўлган, 24 киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Охирги марта Киев июнь ойи охирида ракета зарбаларига учраган эди. Кейин рус ҳарбийлари шаҳарга 14 та ракета отди. Улардан бири Шевченко туманидаги кўп қаватли уйга бориб урилган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, олти киши жароҳат олди.
Украинанинг бошқа шаҳарларига ракета зарбалари берилди
Шунингдек, Киев вилояти ва Украинанинг бошқа вилоятлари шаҳарларига ракета ҳужумлари содир этилгани ҳақида хабарлар бор. Днепр, Тернопол, Житомир, Хмельницкий, Винница, Львов, Кременчуг, Кривой Рог, Ривне ва Ивано-Франкивскда бир қатор портлашлар содир бўлди. Украинанинг вилоят марказларида электр таъминотида узилишлар бошланди. Львов, Хмелницкий, Житомир, Харьковда қисман узилишлар кузатилмоқда.
Днепрда ракета ҳужуми оқибатида саноат объекти вайрон бўлди.
Украина Президенти Владимир Зеленский ўз мамлакатидаги оммавий портлашларга изоҳ берар экан, улар Украинани Ер юзидан йўқ қилишга уринаётганликларини айтди.
“Кенг миқёсли урушнинг 229-куни. 229-кунда улар бизни йўқ қилишга ва ер юзидан ўчиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бутунлай. Запорожьеда уйда ухлаётган одамларимизни, Днепр ва Киевга ишлаш учун кетган одамларни йўқ қилмоқчи. Ҳаво ҳужуми хавотири бутун Украина бўйлаб тинмаяпти. Ракета зарбалари бор. Афсуски, қурбонлар ва ярадорлар бор. Сиздан илтимос қиламан: бошпаналарни тарк этманг. Ўзингизга ва яқинларингизга ғамхўрлик қилинг. Дош берамиз ва кучли бўламиз”, деб ёзди у Telegram’да.
Украина Керч бўғозидаги Қрим кўприги портлатилганидан икки кун ўтиб йирик ракета зарбаларига учради. Портлаш оқибатида кўприкнинг автомобиль қатнов қисмларидан бирининг икки оралиқ қисми вайрон бўлган, кўприкнинг темир йўл қисмидаги цистернали поезд ёниб кетган. Россия Президенти Владимир Путин Қрим кўпригидаги портлашни теракт деб атади ва бунинг учун Украинани айблади. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Россиянинг Қрим кўпригининг портлатилишига жавоби фақат “террорчиларни бевосита йўқ қилиш” бўлиши мумкин.
Қрим кўпригидаги портлашдан сўнг, Россия қўшинларининг Украинадаги операцияларига янги қўмондон тайинлангани маълум бўлди. Бу лавозимни армия генерали Сергей Суровикин эгаллаган. “Медуза” ахборот ресурси манбалари Суровикинни Украина инфратузилмасига, жумладан, тинч аҳолига йирик ракета зарбалари бериш тарафдори, деб атамоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь