Байден шиддатли ракета ҳужумидан кейин Зеленскийга ваъда берди
Олам
−
11 Октябрь 2022
16823АҚШ Украинага ўзини ҳимоя қилиши учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беради. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтилди, деб хабар берди Оқ уй Матбуот хизмати.
Байден Россиянинг Украина ҳудудига, жумладан Киевга ракета зарбаларини қоралаб, мамлакатга ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ёрдамни кўрсатишда давом этишга ваъда берди. Хусусан, гап илғор ҳаво мудофаа тизимлари ҳақида борди.
Шунингдек, у Россияга харажатларни қоплаш, Россияни уруш жиноятлари ва ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш, Украинага хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан мулоқотни давом эттиришини таъкидлади.
Президент Зеленскийнинг матбуот хизмати ҳам баёнотида Байден билан суҳбат ҳақида маълумот берилди.
“АҚШ Президенти Жо Байден билан самарали суҳбат бўлди. Муҳокаманинг асосий мавзуси ҳаво мудофааси эди. Энди бу мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигимиздаги биринчи рақамли устувор йўналишдир”, дейди Украина Президенти.
Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев маркази, Киев вилояти, Днепр, Ивано-Франковск, Харьков, Хмелницкий, Кировоград, Львов, Николаев, Суми, Тернопол, Винница, Запорожье ва Житомир вилоятларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 10 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган.
Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Россия Президенти Владимир Путин 10 октябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, энергетика ва алоқа объектларига оммавий зарба берилганини эълон қилди.
LiveБарчаси