Украина уруш 2025 йилда тугашига умид қилмоқда – Сибига
Олам
−
18 Март 3325 2 дақиқа
Украина ўтган ҳафта Жиддада америкаликлар билан бўлиб ўтган музокаралар 2025 йилда можарога барҳам беришга йўл очганига ишонади. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бугун, 18 март куни Ҳиндистон пойтахти Нью Деҳлида бўлиб ўтаётган “Raisina Dialogue” сиёсатшунослик конференциясида сўз очди.
“Жиддадан кейин бизда бу йил урушни тугатиш учун бошқа тезлик, янги қўшимча имкониятлар бор. Ва биз бунга тайёрмиз. Биз тинчликка эришиш йўлида тўсиқ эмасмиз”, деди у.
Сибигага кўра, Киев Саудия Арабистонида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишни бошлашга тайёр. Унинг қўшимча қилишича, Украина вазиятни яхшироқ тушуниш учун Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги телефон суҳбати натижаларини кутмоқда.
Шу билан бирга, у Украина можарони ҳал қилишда ҳамон ўзининг “қизил чизиқлари”дан воз кечмаётганини таъкидлади.
“Суверенитет ва ҳудудий яхлитлик бўйича муросаларга йўл қўйилмайди, ҳарбий имкониятларга ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди ва учинчи давлатлар томонидан бирон бир альянсда иштирок этишга вето қўйилмайди”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 март куни “Politico” Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг санкциялар сиёсати бўйича ваколатли вакили Владислав Власюкка таяниб, Ғарб томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкциялар Украина бўйича тинчлик келишуви доирасида бекор қилиниши мумкинлигини ёзганди. Американинг “Semafor” нашри эса муҳокамалардан хабардор икки манбага таяниб, Трамп маъмурияти Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича келажакдаги келишувнинг бир қисми сифатида Украина Қримини Россия ҳудуди сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан маҳаллий вақт билан бугун, 18 март куни эрталаб Украинадаги уруш ҳақида гаплашишини маълум қилди. CNN ва “Associated Press” ахборот агентликларининг ёзишича, Путин ва Трамп ўртасидаги музокаралар “ҳудудлар” ва “энергетика станциялари”га қаратилади.
Live
Барчаси