Киев Россияга қарши санкциялар юмшатилишига рози бўлиши мумкин
Олам
−
17 Март
5486Ғарб томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкциялар Украина бўйича тинчлик келишуви доирасида бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг санкциялар сиёсати бўйича ваколатли вакили Владислав Власюкка таяниб, бугун, 17 март куни “Politico” хабар берди.
Власюкнинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг Россия билан у ёки бу шаклда бизнес юритишга қайтиши шунчаки “вақт масаласи”, аммо бу тўғри шароитларда амалга ошиши керак.
“Келишувлар доирасида қандай бекор қилишлар муҳокама қилиниши мумкинлигини айтишга ҳали эрта. Ҳозир биз Россия биринчи навбатда бу йўналишда муҳим қадамлар қўйишига ишонч ҳосил қилмоқчимиз, кейин эса санкцияларни бекор қилиш ҳақида гаплашсак бўлади”, дейди у.
Власюкнинг айтишича, қайси чоралар энг оғриқли эканини билиш ҳар доим фойдали.
“Ва биз бу воситадан оқилона фойдаланишимиз керак. Ҳар қандай узоқ муддатли келишувнинг бир қисми сифатида Киев халқимиз учун адолат излайди, эҳтимол у украиналиклар учун товон тўлаш”ни ҳам талаб қилади”, деди айни пайтда Россия Федерациясига қарши санкциялар бўйича халқаро ишчи гуруҳи котиби бўлган Владислав Власюк.
Аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам Москва билан муносабатларни нормаллаштиришни истисно қилмаган эди.
“Агар уруш тўхтатилса, бу нормал бўлар эди, шунда Европа босқичма-босқич, АҚШ ҳам қадамма-қадам Россия билан нормал муносабатларни тиклайди”, деди Рютте 13 март куни “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида.
16 март куни Владимир Зеленский яна бир бор Россияни у бошлаган тажовузкор урушни тугатишдан манфаатдор эмасликда айблади.
“Ушбу ҳафтада бизнинг шаҳарларимиз ва жамоаларимизга юзлаб ҳужумлар уюштирилди. Россияликлар 1020 дан ортиқ ҳужумчи учувчисиз самолётлар, 1360 га яқин бошқариладиган бомба ва 10 дан ортиқ турли хилдаги ракеталарни ишга туширди. Буни, албатта, урушнинг тезроқ тугашини истайдиганлар қилмайди”, деб таъкидлади Украина Президенти.