Трамп Қрим устидан Россия назоратини тан олишни кўриб чиқмоқда — ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўзининг икки манбасига таяниб “Semafor” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қадам Украинада жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги бўлажак тинчлик битимининг бир қисми бўлиши мумкин. Нашр суҳбатдошларининг айтишича, Трамп маъмурияти Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш масаласида БМТга мурожаат қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

“Трамп ҳозирча расман ҳеч қандай қарор қабул қилмаган. Қрим бўйича муҳокама қилинаётган вариантлар урушни тугатиш учун кўриб чиқилаётган бир неча имкониятлардан бири, холос. Оқ уй бу борада изоҳ беришдан бош тортди”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, юқоридаги хабар чоп этилгандан сўнг мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Брайан Хьюз маъмурият бундай мажбуриятларни олмагани ва бу келишувни оммавий ахборот воситалари орқали муҳокама қилинмаслигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп бугун, 18 март куни Россия Президенти Владимир Путин билан ўтказиладиган телефон мулоқотида ҳудудий масалаларни муҳокама қилмоқчи эканини таъкидлаганди. Кеча, 17 март куни эса Оқ уй АҚШ Украина билан “тинчлик ўрнатилганидан кейин чегара қаердан ўтишини” муҳокама қилаётганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Трамп Қрим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг