Украина Қишлоқ хўжалиги вазири ҳибсга олинди
Олам
−
26 Апрель
7597Украина суди давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда айбланаётган мамлакат Қишлоқ хўжалиги сиёсати вазири Николай Сольскийни ҳибсга олишга қарор қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, Сольский 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Вазир ўз айбини тан олмаган.
Шу билан бирга, суд вазирдан 75,7 миллион гривна (1,9 миллион доллар) миқдорида гаров ундирган.
Таъкидланишича, гап 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган вақт, яъни Николай Сольский 2022 йил март ойида Қишлоқ хўжалиги сиёсати вазири лавозимига тайинланишидан олдин содир бўлган жиноят ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси маълумотларига кўра, Сольский 291 миллион гривна (7,35 миллион доллар) қийматидаги давлат ерларини ноқонуний равишда эгаллаб олган ва қиймати 190 миллион гривна (4,8 миллион доллар)га тенг ерни олишга уринган.
“Жиноий схема доирасида икки давлат ширкатидан ерлар ноқонуний олиб қўйилган ва уруш қатнашчиларига айрим хусусий фирмаларга ижарага бериш шарти билан берилган”, дейди унинг ишини олиб борган прокурор.
Николай Сольский ва унинг адвокати 25 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида унга бундай схемадан фойда йўқлигини айтган.
Бир кун аввал Украина Олий Радаси спикери Руслан Стефанчук Facebook'да Сольский истеъфога чиққанини маълум қилган эди.
Истеъфо Украина парламенти томонидан тасдиқланмагунча, Сольский расман вазир лавозимида қолади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов пора олишда гумонланиб қўлга олинганди. Кейинчалик матбуотда унинг порахўрликда эмас, давлатга хиёнатда гумон қилинаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Айрим нашрлар Ивановнинг ҳибсга олиниши ортидан Мудофаа вазири Сергей Шойгу лавозимидан ажралиши мумкинлигини ёзди. Кеча, 25 апрель куни Иванов ишига алоқадор учинчи шахс – "ОлимпСитиСтрой" компанияси асосчиси Александр Фомин қўлга олинди. У вазир ўринбосарига пора берганликда айбланиб, ҳибсга олинган.
Россия Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москва вилояти ҳукумати раисининг собиқ биринчи ўринбосари Светлана Стригунковани ҳибсга олди. Амалдор бир ой олдин ўз лавозимидан истеъфога чиққан ва ҳозирда у 150 миллион рубль миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда.
Бундан ташқари, Москванинг Тверь туман суди Россия Федерацияси Маданият вазирининг собиқ ўринбосари Ольга Яриловани оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодекси 285-моддаси 3-қисми) айби билан 7 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди.
LiveБарчаси