Украина Ғарб ёрдамидан бутунлай айрилиши мумкин. Қандай қилиб?!
Жамият
−
24 Апрель 2023
31376Украинанинг баҳорда режалаштирган қарши ҳужуми муваффақиятсиз тугаса, Ғарб ёрдами бутунлай тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда “Daily Mail” нашрининг АҚШ ва Австралия армиясининг истеъфодаги генераллари билан интервьюсида маълум қилинди.
Нашр хабарида айтилишича, Украинанинг тақдири яқин ойларда амалга оширадиган қарши ҳужумига боғлиқ бўлади ва айнан шу ҳужум кўп нарсани ҳал қилиши мумкин.
Маълумки, Украина бир неча ойлардан буён баҳорги қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Қишнинг совуқ ҳарорати ерларнинг музлашига сабаб бўлиб, Россия учун Украинага ҳужумни кучайтиришга имкон берган бўлса, баҳор келиши билан музлар эриб, балчиқ ва ботқоқликлар ҳарбий ҳаракатларни қийинлаштирди. Эндиликда Украина учун қарши ҳужумга ўтишга шароит пишиб етилмоқда.
Қарши ҳужум режасига кўра, Украина 12 тадан 18 тагача жанговар бригадада 100 мингга яқин аскарни тўплаши мумкин. Ушбу бўлинмаларни қуроллантириш учун 200 га яқин Ғарб танклари, 800 та зирҳли техника ва 150 га яқин артиллерия қуроллари берилгани тахмин қилиняпти. Агарда яна 9 та бригадани қуроллантириш мақсад қилинган бўлса, 400 тагача танк, 1600 та зирҳли техника ва 300 та артиллерия қуролига эга бўлиши мумкин.
Россиянинг ҳолати аниқ эмас, бироқ олинган қурбонлар сонига асосланиб, 100 мингдан 290 мингга қадар шахсий таркиб жалб қилиниши мумкин. Россиянинг жанг майдонларида 500 га яқин танклари қолгани тахмин қилинади. Артиллерия қуроллари ва зирҳлли техникалар сони эса маълум эмас.
Австралия армиясининг истеъфодаги генерали Мик Раяннинг “Daily Mail” нашрига берган интервьюсида айтилишича, Киевда қарши ҳужумнинг учта эҳтимолий варианти мавжуд:
- биринчидан, барча воситалар билан битта катта ҳужумни амалга ошириш;
- иккинчидан, асосий кучларни жануб ва шарққа бўлган ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳужумга ўтиш;
- учинчидан, жануб ва шарқда мувофиқлаштирилмаган кичик ҳужумларни амалга ошириш.
АҚШ армиясидан истеъфога чиққан генерал Стивен Твиттининг фикрига кўра, Украина учинчи йўлни танлайди.
“Украина ўтмишда иш берган тактикадан фойдаланади. Украиналикларга муваффақият келтирган омил – пиёда, зирҳ ва артиллериядан фойдаланган ҳолда кичик манёврлар билан катта бўлмаган зоналарда русларга ҳужум қилиш ва ҳудудга эга бўлиш”, дейди у.
Генерал Раяннинг айтишича, Украина кенг миқёсда ҳужумга ўтмайди. Чунки бундай ҳужумни ташкил қилиш қийин ҳамда бу ҳужум Россия қўшинлари томонидан пайқаб қолиниши ва мудофаа уюштирилиши учун қулай бўлиб қолади. Генерал Раян Украинанинг тутадиган йўли бутунлай бошқача ва кутилмаган бўлишини тахмин қилмоқда.
“Бу жуда ўзгача бўлади. Чунки ҳозирги муаммо ҳам олдингидек эмас. Улар илгари амалга оширмаган ишни – тўсиқли зоналарни бузиб ўтишлари керак“, дейди у.
Украинанинг нишонида қайси ҳудуд?
Россиялик ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрига кўра, урушнинг дастлабки кунларида Россия томонидан эгалланган мамлакат жанубидаги кичик шаҳар Мелитополни қайтариб олиш Украинанинг асосий мақсадига айланади. Боиси, бу шаҳарни қайтариб олиш Россиянинг жануб ва шарқдаги кучлари ўртасида қуруқлик йўлини кесиб қўяди. Бу орқали яна бир ҳудуд Мариуополни қайтариб олиш учун ҳам йўл очилади. Шунингдек, шаҳар қўлга киритилиши ортидан Қрим ҳам HIMARS’лар нишонига қўйилади.
Украина Бахмут сингари урушнинг қайноқ нуқталарида босимни юмшатиш ва Донбассдаги саноат зоналарини қайтариб олишга интилаётгани учун Шарқий Луганскка ҳужум қилиниши мумкинлиги эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Генерал Раяннинг айтишича, душманни саросимага солиб қўйиш ғалаба калити бўлади. Чунки Россия қарийб 1200 километрлик фронт чизиғини ҳимоя қилиш учун етарли шахсий таркибга эга эмас. Фронтга жалб қилинганларнинг таркиби эса хилма-хил бўлиб, унда элита парашютчилардан тортиб бир кунлик ҳарбий тайёргарликка эга хизматчилар ҳам бор. Бу мудофаа чизиғининг заиф бўлишини англатиб, Украина учун кучсиз нуқталарни топиш ғалаба омили бўлиши мумкин.
Украина ҳужумни қачон бошлайди?
Бу ҳужум қачон амалга оширилиши аниқ эмас, бироқ ҳарбий мутахассислар Украинада лой ва балчиқ йўллар апрель ойининг охири ҳамда майнинг бошида қуриши ва қаттиқлашишини айтмоқда.
Иккинчидан эса Украина Ғарб ваъда қилган барча қуролларни олмагунча ва қўшинлари улардан фойдаланишни ўрганмагунча ҳужумга ўтиши даргумон.
Бундан ташқари ҳужум бошланганидан кейин уни қўллаб-қувватлаш учун моддий-техника базасини олиши керак. Генерал Твиттининг фикрига кўра, логистика тахт ҳолга келтирилмагунча ҳужум бошланмайди. Украина фойдаланадиган тизимларнинг турига қараб бу иш жуда мураккаб бўлиши тахмин қилинмоқда.
“Барқарорлик асосий омилга айланади. Яъни эҳтиёт қисмлар, ёнилғи ва ўқ-дорилар. Муваффақият уларнинг барча янги жиҳозларни олиб, бир жойга тўплаш ва жанг майдонида ишлатиш қобилиятига боғлиқ бўлади”, дейди генерал Твитти.
Владимир Зеленский Россия босиб олган барча ҳудудларни қайтариб олишни мақсад қилган. Бироқ деярли ҳеч ким бу амалга ошишига ишонмаяпти. Таҳлилчилар эса Украина жануб ва шарқда иложи борича катта ҳудудни қайтариб олиши ва қўлдан чиқармаслиги кераклигини таъкидламоқда. Бу урушдаги ташаббус Украина тарафига ўтганини англатади.
Нашрга интервью берган иккала генерал ҳам уруш шу йил охиригача тугаши сўроқ остидалигини айтган. Агарда тўқнашув 2024 йилга қадар ҳам давом этса, Украинага янада кўпроқ ҳарбий ёрдам керак бўлади. Зеленский Қримни қайтариб олиш ҳақидаги ваъдаларини бажармоқчи бўлса, у ҳолда ғарбдаги иттифоқчиларидан қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемаларни ҳам сўраши мумкин. Бунда мамлакат унга берилаётган ҳарбий ёрдамга лойиқ эканини ҳам исботлашига тўғри келади.
“Агар Украина буни уддалай олса, Россия устидан тўлиқ ғалаба қозониши мумкин. Аммо муваффақиятсизлик эшик абадий ёпилишини англатиши мумкин. Украина тақдири ва урушнинг тугаши яқин ойларда ҳал қилинади”, дейилади нашр хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг қарши ҳужумига тайёргарлик кўраётган Россия фронт чизиғи яқинида улкан ҳандақ қазиётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилари тугаётгани сабаб кутилаётган қарши ҳужум муваффақиятсиз тугаши мумкинлиги айтилганди.
LiveБарчаси